ЮЗШУВУТЛИК ЁХУД «ТАДБИРКОРЛИК»НИНГ АНТИҚА ЙЎЛИ
Ишонч туйғуси кишилар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди. Ўзаро ишонч асосида пайдо бўлган дўстлик ва ҳамкорлик ришталари қанчалик мустаҳкам бўлса, бундай муносабатлар шунчалик безавол ва бардавом бўлади.
Бироқ ҳаётда шундай кимсалар ҳам учрайдики, улар ўзларининг чиркин муддаосига етиш учун ҳеч нарсадан тап тортмайди. Ҳатто ишончдек инсоний покиза туйғуни ҳам ниқоб қилиб олишдан қайтмайди.
Ана шундай кимсаларнинг кирдикорлари хусусида ҳаётий мисоллар асосида фикр юритамиз.
Гап шундаки, эндигина йигирма бир ёшни қаршилаган судланувчи Шаҳноза Шаропова (исм-шарифлар ўзгартирилган) отаси Зариф Шаропов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, жиноятга қўл урган. Судланувчи З. Шаропов айни пайтда Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра озодликдан маҳрум этилган.
Ота-бола 2017 йил апрель ойида Қарши шаҳридаги «Нефтчи» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Ягона олтин тож» масъулияти чекланган жамиятини ташкил этган. Ота ушбу жамиятга иш юритувчи қилиб тайинланган бўлса, қизнинг ўзи эса, жамият бошқаруви раиси сифатида фаолият юритган.
Икковлон аввалбошданоқ хизмат вазифаларини суиистеъмол қилиш йўлидан борган. Яъни ҳужжатларни қалбакилаштириб, ўзгалар мулкини қўлга киритиш мақсадида, фуқароларга гўёки Ўзбекистон ва хорижда ишлаб чиқарилган хоҳлаган русумдаги автомашиналарни лизинг-кредит асосида сотиб олиш ва сотиш билан шуғулланишини тарғиб қилган.
Шунингдек, «Йигит ва қизларни ҳамда эркак ва аёлларни таништирамиз» шаклидаги эълонларни тайёрлаб, Қарши шаҳри ва бошқа туманлардаги бозор ҳамда одамлар гавжум жойларда илиб қўйишган. Улар шу тарзда ўз жиноий фаолиятини бошлаб юборишган.
Дастлаб уларнинг фириб «тузоғи»га Қарши шаҳрида яшовчи Зафар Эшназаров тушди. Эълонни ўқиб, жамият идорасига келган Зафарнинг «Нексия-3» автомашинаси сотиб олиш истаги борлигини эшитиб, Шаҳноза гапни узоқдан бошлади:
— Жамиятимиз анчадан буён марказдаги «FINANS АVTO» МЧЖ билан ҳамкорлик қилади. Шу соҳадаги бошқа масъул идораларга нисбатан имкониятлари кўп. Агар истасангиз, Ўзбекистон ва хорижда ишлаб чиқарилган хоҳлаган турдаги автомашинани ушбу корхона орқали олиб беришимиз мумкин.
Бу «таклиф»ни эшитган Зафар ўзида йўқ хурсанд бўлди ва автомашина сотиб олишга рози эканини билдирди.
Қарангки, Шаҳноза З. Эшназаровнинг ишончига кириш мақсадида, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 мартдаги «Автотранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсларга ижарага беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мутлақо зид равишда йўл тутди.
Яъни агар Зафар «Нексия-3» автомашинасининг 64 миллион 552 минг 956 сўм бўлган нархидан 35 фоизини, демакки, 19 миллион 365 минг 886 сўмини нақд тўласа, бир ойда МЧЖ ҳисобидан қарзга автомашина олиб бериши мумкинлигини айтди.
Шаҳноза ҳатто Зафар автомашинани ишончнома орқали бошқариши мумкинлигини ҳам билдирди. Қолган пулини бўлиб тўласа ҳам бўлишини, шундан сўнг автомашинани унинг номига расмийлаштириб беришини айтди.
Шу тариқа 2017 йил 7 июнда «FINANS АVTO» МЧЖ номидан расмийлаштирилган қалбаки 29-сонли «Ижарага сотиб олиш ҳақида»ги икки томонлама шартнома ҳужжатлаштирилди. Шаҳноза фирибгарлик йўли билан Зафарнинг 57 миллион 400 минг сўм пулини қўлга киритиб, ўз эҳтиёжига сарфлаб юборди.
Отанинг «ҳимоя»сида устомонлик билан фирибгарлик ва товламачиликнинг роса «ҳадис»ини олган Шаҳноза худди шу каби қинғир ва алдов йўли билан:
Комил Худоёровдан — нархи 44 миллион сўмлик «Матиз» автомашинаси учун 13 миллион 900 минг сўм;
Салом Шералиевдан — нархи 58 миллион сўмлик «Нексия-2» автомашинаси учун 9 миллион 700 минг сўм;
Рустам Вафоевдан нархи 51 миллион 79 минг 966 сўмлик «Дамас» автомашинаси учун 12 миллион 295 минг 993 сўм;
Бахтиёр Ашуровдан — 42 миллион 566 минг 640 сўмлик «Матиз» автомашинаси учун 9 миллион 445 минг сўм;
Шарофат Ҳасановадан нархи 51 миллион сўм бўлган «Дамас» автомашинаси учун 12 миллион 295 минг 993 сўм маблағни қўлга киритган. Турли найранглар билан ўзгаларнинг маблағлари ўзлаштирилган ҳолатларга доир ушбу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Мақоламиз бошида Ш. Шароповнинг аҳоли гавжум жойларга «Йигит-қизларни ҳамда эркак-аёлларни таништирамиз» шаклидаги эълонлар илиб чиққани ҳақида айтган эдик.
Шаҳноза бу эълонни ўқиб, олдига келган Зулфия Ражабовани алдаб-авраб, турли ҳийла-найранглар билан унинг 200 минг сўми, шунингдек, Раҳим Бобожоновнинг 800 минг сўм, Мурод Бердиевнинг 1 миллион 80 минг сўм пулини хамирдан қил суғургандек қўлга киритган.
Ш. Шаропованинг алдовларига учган одамлар «танишув» илинжида ойлаб овораю сарсон бўлишди.
Аммо халқимиз кўза кунда эмас, кунида синади, деб бежизга айтмаган. Бу фирибгар қизнинг алдовларига «чув» тушган жабрланувчилар кеч бўлса-да, ўз хатоларини англаб етишди.
Ахийри, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишди.
Кейинчалик ваколатли идоралар томонидан ўтказилган текширув ва суриштирувлар асносида Ш. Шаропованинг барча ноқонуний хатти-ҳаракатлари фош этилди. Бинобарин, бу ҳаётда ҳар қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди.
Ш. Шаропованинг кирдикорларига ҳам суд ҳайъати томонидан холис ва адолатли баҳо берилди. У Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан, жазо муддатини ўтайдиган бўлди.
Шу билан бирга, жабрланувчиларга етказилган жами 263 миллион 592 минг 976 сўм моддий зарар судланувчи ҳисобидан ундирилиши суд ҳукмида алоҳида қайд этилди.
Бир қарашда, жиноятчи қилмишига яраша жазо олган, ҳаммаси адолатли якун топгандек туюлади. Аслида ҳам шундай. Бироқ юқорида баён этилган ҳолатлар ҳақида фикр юритганда, кўнгилдан баъзи мулоҳазалар кечади.
Хўш, жабрланувчилар нега фирибгар кимсанинг тузоғига ҳар гал осонгина тушиб қолаверишди?
Афсуски, жабрланувчилар белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилмаган. Бу билан Ш. Шаропованинг жиноий мақсадини амалга оширишига йўл очиб берганлар.
Ш. Шаропованинг «Йигит-қизлар ҳамда эркак-аёлларни таништирамиз» қабилидаги ғайриқонуний ишлари ҳам алдов ва фирибгарликдан бошқа нарса эмас.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, фирибгарлик йўли билан ўзгаларни «чув» тушириш эвазига мўмай даромад ортиришга уринадиганлар охир-оқибат қонун олдида жавоб бериши муқаррар.
Бундан ҳам ёмони шундаки, бу каби нохуш қилмишлар кишини юзшувут қилиб қўйиши тайин.
Шундай экан, ҳалол меҳнат қилиш, виждон амрига қулоқ тутиб яшаш умрнинг асл мазмуни эканини асло унутмаслик керак.
Фаррух Ниёзов,
жиноят ишлари бўйича
Қашқадарё вилояти
судининг судьяси
Фикр қолдириш