ЗАЛОЛАТ ИНСОННИ ҚАБИҲЛИККА ЕТАКЛАЙДИ

Муҳаббат инсоннинг кўзини кўр қилиб қўяди, дейишади. Шунданми, аксарият ёшлар бир-бирининг қусурларини ҳар доим ҳам илғашавермайди.

Заҳро (исм-шарифлар ўз­гартирилган) Санжарга кўнгил қўйганди.

Санжар эса… яхшиси, воқеани ўқиб, бу ҳақда ўзингиз хулоса чиқаринг.

Бугун Заҳро уйқудан босинқираб уйғонди. Ўрнидан тургач, юз-қўлини ювди-да, нонуштага ўтирди. У кўрган тушини эслар экан, илоҳим, яхшиликка бўлсин, дея ўзига таскин бериб қўйди.

Аммо кўнглидаги ғашлик ба­ри бир тарқалмади. Шу кун у кечга яқин Санжар билан учрашиши керак. Буёғини сўрасангиз, улар бир ой муқаддам жанжаллашиб қолишган, бугун эса, Санжар унга қўнғироқ қи­либ, гапи борлигини, агар келмаса, оқибати ёмон бўлишини айтганди.

Дунёнинг ишлари қизиқ, одам боласи эртага нима бўлишини билмайди. Агар Заҳро ўша куни Санжарнинг ёнига бормаганида, балки бошига бу кулфатлар тушмасдими? Аксинча, Санжар айтганидек, «оқи­­бати ёмон» эмас, ҳаммаси жой-жойида бўлармиди?

Бироқ Заҳро Санжарнинг дўқ-пўписасидан қўрқиб, учрашувга розилик берди. Ўзига қол­ганида-ку икки дунёдаям унинг гапига кирмасди.

Чунки Санжар уни қаттиқ ранжитган, қўпол муносабатда бўлиб, сўнгги пайтларда уриб, ҳақо­ратлайдиган одат чи­­қарган эди.

Санжар Заҳрони доимо учрашадиган жойда кутиб олди.

— Салом Заҳро, яхшимисан?

— Нега чақирдингиз? Сиз би­­­лан гаплашадиган гапим йўқ!

Бундай қатъият ва журъатни кутмаган Санжар дўсти Ҳа­­лимнинг ёнида довдираб нима дейишини билмай қол­ди. Ке­йин ўзини пича тутиб ол­­ди-да, Заҳрога заҳрини со­ча бошлади. Улар жанжаллашиб кетишди. Ҳалим уларни тинчлантиришга уринди, ам­мо бундан би­­­рон-бир натижа чиқмади. Азбаройи қутуриб кетган Санжар Заҳронинг бошига уч-тўрт маротаба мушти билан урди. Оқибатда Заҳро мушт зарбидан ҳу­шини йў­қотди.

— Ҳалим тез машинани юр­­­­ғиз, — дея бақирди Санжар.

Автомашинани ўт олдирган Ҳа­лим Санжарга шошилинч юзланди:

— Ҳайдасангчи!

— Қаерга ҳайдай, — деб сў­ради бу­тунлай эсанкираб қолган Ҳалим.

— Хоҳлаган томонга.

Ҳалим эса, довдирай-дов­ди­рай автомашинани шаҳар четидаги кимсасиз дала ҳовлилардан бири томонга ҳайдади. Автомашина тўхтагач, Санжар Заҳрони кўтариб дала ҳовлининг хоналаридан бирига олиб кирди-да, унинг номусини топтади, сўнг эса, суратга туширди. Заҳро жон-жаҳди билан қанчалик қаршилик кўрсатмасин, барибир Санжарнинг чангалидан қутула олмади.

Охир-оқибат эса, у Санжарнинг қўлидан қандай чиқиб кетгани ва уйига қандай алфозда етиб олганини ўзи ҳам билмайди. Уйига етиб келгач, қўр­қа-пўса ётоғига кирди-да, ўзи­ни тўшакка ташлади. Би­роқ ота-онасига рўй берган воқеа ҳақида айтишга журъати етмади.

Ўша дамда у ўзини шаъни, қадр-қиммати ва ор-номуси таҳқирланганидан ўта бахтсиз ҳис этар, юраги нафрату аламга тўлиб-тошган, кўзига дунё қоп-қоронғи кўринарди.

Орадан, чамаси, икки ойлар ўтди. Буни қарангки, Санжар қа­биҳ қилмишидан уя­лиш, афсус-надомат чекиш ўрнига баттар тубан йўлга ўтиб олди. Кунлардан би­рида улар кўчада тасодифан яна учрашиб қо­лишди. Заҳро ундан қочишга уринди. Бироқ Санжарнинг икки оғиз сў­зидан сўнг Заҳро бирдан бў­­­шашиб, ўзини йўқотиб қўйди.

— Нима деяпсан аблаҳ, шунчаси каммиди, мени тириклай кўмасан-ку?! — деди у алам би­лан.

Санжар эса, ҳеч нарса бўл­магандек, совуқ иршайиб турарди.

Заҳронинг кутилмаганда бундай ҳолатга тушишига ўша, беҳаё суратлар сабаб бўлганди. Санжар уни Заҳрога кўр­сатиб, «Агар айтганимни қилмасанг, бу суратларни бозорга плакат қилиб ёпиштириб чи­қаман», дея таҳдид қилганди.

Шундан сўнг Заҳро итоаткор қиёфада зўрға пичирлади:

— Мендан нима истайсан?!..

— Ҳозир уйингдан икки миллион сўм олиб чиқасан, — деди Санжар.

Буткул чорасиз қолган Заҳро пулни олиб келиб, унинг қў­­­­лига тутқазди. Бироқ бу билан Санжарнинг қутурган нафси тинчимади.

Аксинча, у Заҳрога ҳар ойнинг охирида бир ярим миллион сўмдан бериб турасан, дея шарт қўй­ди. Заҳро бу­ни эшитиб, ҳўнг­раб йиғлаб юборди ва Санжарга ялиниб-ёлворишга тушди:

— Ахир, мен бунча пулни қаердан оламан?!

— Бўпти, мен розиман, фақат эртага суратларинг бозорда пайдо бўлади, — деди Санжар сурбетларча.

Заҳро иложсиз қолди.

Шу тариқа Заҳро Санжарга ойига бир миллион сўм бе­риб турадиган бўлди. Энг ёмони, ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдиган Санжар ўзи камлик қилгандек, бу разолатга хотинини ҳам аралаштирди.

Кунларнинг бирида Сан­жар­нинг хотини Салима Заҳрога телефон қилиб, 200 АҚШ доллари зарурлигини айтди. Заҳро бунча пулни топишнинг имкони йўқ эканини айт­га­нида, у қулоғидаги зирагини сотишни маслаҳат берди. Яна дағдаға, қўрқитиш ва таҳдид исканжасида қолган Заҳро зирагини сотишга маж­бур бўлди.

Таажжубланарли томони шундаки, бундай қабиҳлик кам эмас, кўп эмас, роппа-роса уч йил давом этди. Санжар ва унинг хотини Заҳронинг бор-йў­ғини сўриб олди. Заҳронинг топган пули, йиққан бисо­ти нафс бандалари Санжар ва унинг хотинининг чўн­тагига оқиб кираверди.

Заҳро бошига тушган бу кулфатни ота-онасига билдирмасликка уринарди. Аммо унинг беўхшов хатти-ҳаракати, доимо қўрқув ичида юришини кў­риб, оила-аъзолари ҳушёр тортишди.

Бунинг устига бир кун Санжар яна Заҳрога қўнғироқ қилганида, телефонни унинг опаси Зуҳра олди. Санжар уни Заҳ­­ро деб ўйлади, шекилли, масхаралаб, устидан кула бошлади. Табиийки, унинг гапларига Зуҳра чидаб туролмай қарғашга тушди. Санжар эса, бунга жавобан яна суратлар ҳа­қида гапирди ва гўшакни қў­йиб қўйди. Зуҳра нима гап эканини англолмай буткул довдираб қолди ва Заҳрони қистовга олди. Заҳро эса, ҳаммасини опасига айтишга мажбур бўлди.

Шундан сўнг улар ҳуқуқни му­ҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қи­лишди.

Шу тариқа эр-хотин Санжар ва Салиманинг қилмиши тў­лиқ ошкор бўлди.

Суд ҳукми ўқилди. Санжар Усмонов Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айб­ланиб, панжара ортидан жой олди. Салиманинг эса, аёл­лиги ва вояга етмаган фар­занд­лари борлиги инобатга олиниб, унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўл­маган жазо тайинланди.

Санжар ва Салиманинг соддадил Заҳрога ўтказган зулм ва зўравонликлари барчамиз учун сабоқ бўлиши даркор.

Исматулла МАМАНОВ,

Тошкент вилояти маъмурий судининг судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: