КЕЧИККАН ГУВОҲНОМА ЁКИ СУДДА ЮРИДИК ФАКТЛАРНИНГ БЕЛГИЛАНИШИ ТАФСИЛОТИ

Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишда юридик фактларни белгилаш муҳим аҳамиятга эга. Хўш, юридик фактни белгилаш деганда нимани тушуниш мумкин?

Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 293-моддасида суд томонидан юридик аҳамиятга эга бўлган қуйидаги фактларни аниқлаш тартиби белгиланган:

– болани фарзандликка олиш, шахсни бедарак йў­қолган деб топиш ва фуқарони вафот этган деб эълон қилиш;

– шахсни муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш;

– шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ёки унинг ушбу муассасада ётиши муддатини узайтириш;

– шахсни сил касаллигига қарши кураш муассасасининг ихтисослаштирилган бў­лимига ғайриихтиёрий тартибда ётқизиш ёки унинг уш­бу муассасада ётиши муддатини узайтириш;

– вояга етмаган шахсни тў­лиқ муомалага лаёқатли деб эълон қилиш (эмансипация қилиш);

– мол-мулк ёки ашёни эгасиз деб топиш;

– тақдим этувчига деб берилган ҳужжатлар йўқолган тақ­дирда, улар бўйича ҳуқуқ­ларни тиклаш;

– йўқолган суд ишини юритишни тиклаш тўғрисидаги ишларни алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқиш.

Бундан ташқари ушбу кодекснинг 295-моддасига мувофиқ суд фуқаролар ёки ташкилотларнинг шахсий, мул­кий ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки тугашига сабаб бў­ладиган фактларни ҳам аниқлайди. Агар қонунчиликда уларни белгилашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, суд юридик аҳамиятга эга бўл­ган бош­қа фактларни ҳам белгилаши мумкин.

Маълумот тариқасида айтадиган бўлсак, фуқаролик ишлари бўйича Бекобод туман­лар­аро суди томонидан шу йилнинг 9 ойи давомида 2 минг 420 та фуқаролик иши кўриб чиқилган бўлса, уларнинг 41 таси айнан юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ишлардир.

Хусусан, оталикни тан олиш, боланинг туғилгани, шунингдек, туғилган вақти ҳамда ўлимни қайд этилгани фактига оид 9 та ариза кўриб чиқилиб, ҳал этилган.

Оила кодексининг 205-моддасига кўра, мамлакатимизда болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурийдир. Бу болалар туғилган жойи ёхуд ота-онасидан бири доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида бир ой ичида амалга оширилиши лозим.

Шу ўринда ҳаётий бир мисолга эътибор қаратамиз. 63 ёшли Насиба Шамсиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) туғилганлик гувоҳномасини олиш учун Бекобод шаҳар ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилган. Аммо ФҲДЁ бўлими туғилганлик гувоҳномаси беришга асослар мавжуд эмаслигини кўрсатиб, аризачининг мурожаатини рад этган.

Қонунчиликда аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган факт­ларни тасдиқлайдиган зарур ҳужжатларни бошқача тартибда олиши мумкин бўлмаган ёхуд йўқотилган ҳужжатларни тиклашнинг имкони бўлмаган тақдирда суд ушбу фактларни аниқлаши шартлиги қайд этилган. Ана шу ҳуқуқий асосга таянган Бекобод шаҳар адлия бўлими Н. Шамсиеванинг манфаатини кўзлаб, судга даъво аризаси киритган.

Судда аниқланишича, Иброҳим Шамсиев билан Зеби Кенжаева 1957 йилдан бошлаб қонуний никоҳдан ўтмасдан туриб яшаб келган ва 1993 йил 16 сентябрда улар ўртасида қонуний никоҳ шартномаси расмийлаштирилган. Улар биргаликда яшаган вақтида Насиба, Манзура ва Шавкат исмли фарзандлари ту­­­ғилган. Аммо уларнинг эъ­тиборсизлиги сабабли тўн­ғич фарзанд бўлган Насибага туғилганлик гувоҳномаси олинмаган.

Оққўрғон тумани тиббиёт бирлашмасининг 2021 йил 18 ноябрдаги маълумотномасида Насиба Шамсиеванинг туғилгани билан боғлиқ архив ҳужжатлари сақланмагани кўрсатилган. Бекобод тумани Фуқаролик ва миграция бўлимининг маълумотномасида ҳам унинг шахсига оид ҳужжатлар йўқлиги қайд этилган. Бундан ташқари Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти ҳудудий бош­қармаси ҳам архивларда Н. Шамсиеванинг туғилганлик ҳақидаги ҳужжат мавжуд эмаслигини маълум қилган.

Н. Шамсиеванинг синглиси Манзура ва укаси Шавкатнинг туғилганлик ҳақидаги да­лолатномаларида Иброҳим Шамсиев ота, Зеби Шамсиева она сифатида қайд этилган. Шу боис суд уларнинг бир онадан туғилганига аниқлик киритиш учун суд-биологик экспертизаси тайинлади. Натижада уларнинг бир ота-онадан туғилган фарзандлар экани ўз ис­ботини топди.

Суд туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмасдан яшаб келган 63 ёшли Н. Шамсиевага нисбатан туғилганлик фактини белгилади ва у шу асосда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштирди.Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, судда юридик аҳа­миятга эга бўлган фактларни белгилаш фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши баробарида қонунчиликда ўз ифодасини топган инсонпарварлик тамойилларининг амалдаги намунаси ҳисобланади.

Ғолибжон ВОҲИДОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Бекобод туманлараро суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: