СОХТА “КЎРШАПАЛАК УЯСИ”НИ СОТГАН ШАХСГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

15 май 2019

Фарғонада кўршапалак уясини саратон касалига даво деб, 15 минг 300 долларга сотиб, фирибгарлик қилган шахсга суд ҳукми билан 6 йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 

Қўқон шаҳрилик О. Солиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) жамият учун фойдали меҳнат қилиб кун кўриш ўрнига, фирибгарликни ўзига касб қилиб олди. У бундай қилмиши учун суд ҳукми билан 6 марта судланиб, озодликдан маҳрум қилиниб, жазони ўтаган бўлса-да, тегишли хулоса чиқармади. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас деганларидай, у яна фирибгарликка қўл урди.  

О. Солиев қандай қилиб бўлса ҳам “мўмай пул” топиб, кун кечиришни афзал билди. У интернет орқали кўршапалак уяси саратон касалига шифо бўлиши ҳақидаги хабарларни ўқиб, сохта уя ясаб, сотишни ўйлаб қолди ва буни уддасидан чиқди. Энди у харидор топишни ўйлай бошлади. 

Қозоғистон Республикасидан нотаниш бир бола билан телеграм ижтимоий тармоғи орқали гаплашиб, кўршапалак уясини нархини 100 минг АҚШ доллар эканини айтганда харидор бу нархда қимматлигини билдирган. О. Солиев 2018 йилнинг октябрь ойи ўрталарида Учкўприк тумани Ёйилма қишлоғида жабрланувчи Б. Маҳкамов билан учрашиб, унга Наманган вилояти Поп туманидаги тоғли ҳудудларда “кўршапалак уяси” борлигини, у саратон касаллигига шифо бўлишлигини, агар истаса “кўршапалак уяси”ни 23 минг 300 АҚШ долларига сотишлигини айтиб, уни алдайди. Ишончга кириш мақсадида ўзи томонидан олдиндан цемент, оҳак, алебастер ва тупроқдан ясаб қўйилган ноксимон шаклдаги жисмни “кўршапалак уяси” эканлигини, унга тилло буюмлар ёпишиши, саримсоқ пиёздан эса қочиши ҳақида тайёрланган ёлғон видеороликни кўрсатган.  

Ўзи томонидан тайёрланган сохта “кўршапалак уяси”ни 5 литр ҳажмдаги елим идиш ичига атрофини ялтироқ қоғоз ва пахта билан ўраб олиб келиб, Б. Маҳкамовга ушбу модда очилса, уни бир сутка давомида таркиби бузилиб, кўршапалак уяси ичидаги “амруғ” моддаси хусусиятини йўқотишини айтади. Сохта “кўршапалак уяси”ни 15 минг 300 (125 миллион 583 минг 12 сўм) қийматдаги жуда кўп миқдордаги пулга сотиб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Терговга қадар текширув даврида О. Солиевдан “кўршапалак уяси” далилий ашё тариқасида олинган.  

Суд экспертиза хулосасига кўра, “кўршапалак уяси” қўнғир рангли, қаттиқ инга ўхшаган ноксимон жисмни устки қавати цементдан, ўрта қавати оҳак моддасидан, остки қавати тупроқдан иборат бўлиб, цемент, оҳак ва тупроқ қурилиш материаллари туркумига кириши аниқланган. 

Судланувчи О. Солиев жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 2018 йилнинг 10 декабрь куни сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини олиш, ташиш ёки ўтказиш мақсадида жиноий шериклари судланувчи А. Ботиров ва Қирғизистон Республикаси фуқароси А. Худойқулов билан олдиндан бир гуруҳга бирлашган. Улар кўп миқдордаги жами 393 та кассетадаги “Лирика” дори воситаларини Қўқон шаҳар Афғонбоғ кўчаси чорраҳасига ўтказиш мақсадида ташиб келиб, махсус харидорга 121 кассетада бўлган “лирика” дори воситасини 3 200 АҚШ долларига сотган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланган.  

Жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман судида О. Солиев ва А. Ботировларнинг мазкур жиноят иши кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир қатор моддалари билан айбли деб топилиб, тегишли жазо тайинланди. 

 

ЎзА

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: