Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси ташаббуси билан Бухоро вилояти суд раисларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимида бўлиб ўтган мазкур тадбирда фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси Азамат Икромов, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси Қадирберган Яхшимуратов, вилоят иқтисодий суди раиси Мақсуд Саидов ва вилоят маъмурий суд раиси Сухандиёр Рўзиев иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
Агентликнинг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Гулнора Самиева Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Олий суд ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик натижасида мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топилаётгани, судлар фаолиятининг очиқлиги демократик давлатнинг муҳим шарти эканлиги ҳақида гапирди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди раиси Қ.Яхшимуратов судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қарор ва фармонлар, қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Учрашувда вилоят фуқаролик, иқтисодий, маъмурий судлар раислари ҳам тизимдаги муҳим ўзгаришлар ҳақида журналистларга маълумот беришди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.
Наргиза Қувончева,
журналист
Фикр қолдириш