ЎЗБЕКИСТОНДА БОЛАЛАР ОМБУДСМАНИ БЎЛАДИ

Президентнинг 22.04.2019 йилдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–4296-сон қарори имзоланди.
Болалар омбудсмани лавозими жорий этилади

Омбудсман ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилади. Котибият тузилмасида бола ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятига кўмаклашувчи сектор тузилади. Шундан келиб чиққан ҳолда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунга шу жумладан унинг фаолиятини янада такомиллаштиришга ва жамоатчиликнинг кенг иштирок этишини таъминлашга қаратилган тузатишлар ишлаб чиқилади.

Болаларга – эътибор ва кўмак

Биринчидан, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга:

  • муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар «Меҳрибонлик» уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилади (тартиби ҳукумат қарори билан белгиланади);
  • болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади;
  • болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди. 

Иккинчидан, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан (ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса – бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккисидан) алимент ундириш тўғрисида мустақил даъво қўзғашга ҳақли. Қуйидаги ҳолларда шундай йўл тутилиши мумкин:  

  • 18 ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда;
  • ота-она алиментни ихтиёрий равишда тўламаганда;
  • ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаганда. 

Учинчидан, болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади. 

Тўртинчидан, 2019 йил 1 сентябрдан эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланади. Эслатиб ўтамиз, ҳозир никоҳ ёши эркаклар учун – 18 ёш, аёллар учун – 17 ёш. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда туман (шаҳар) ҳокими уни кўпи билан 1 йилга (яъни эркаклар учун 17 ёшгача ва аёллар учун 16 ёшгача) камайтириши мумкин. Бу Оила кодексининг 15-моддасида назарда тутилганлиги боис амалиётда турлича талқин қилинишига йўл қўймаслик учун унга тегишли ўзгартиришлар киритиш зарур. 

Бешинчидан, бола унинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида ўз фикрини ифода қилишга ҳақлидир. Бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт. 

Олтинчидан, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тизимида фуқаролар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган «ишонч телефони» (республика доирасида ягона қисқа рақам бўйича ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган «тезкор алоқа») ташкил этилмоқда. У орқали болаларга кўмак берилади, махсус имкониятларга эга бўлган веб-сайт ишга туширилади.

Батафсил қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин: Norma.uz

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: