ҚОНУНБУЗАРЛАР ЖАЗОГА ТОРТИЛМОҚДА, БИРОҚ…

26 февраль 2019

Қонунни бузганга жазо муқаррар. Судлар томонидан қонунни бузган шахсларга жазо тайинланмоқда. Бу билан чекланиб қолмай, фуқароларга қонунларни тушунтириш, уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида суд жараёнлари нафақат онлайн ёритилмоқда, балки оммавий ахборот воситалари орқали қилмишлар оқибати тушунтириб борилмоқда.

Лекин шунга қарамай айримлар томонидан қонунни қасддан бузиш ҳолатлари давом этмоқда. Масалан, валютафурушлик, оғуфурушлик ҳақида, бу қилмишларнинг нафақат уни содир этган шахсларга, балки ўзгаларга, жамиятга зиёни ҳақида жуда кўп гапирилган. Бироқ…
 
Бухоро шаҳрида яшовчи В. А. “Альянс” кафеси олдида фуқаро С. М. дан 8 минг долларни 66 миллион 240 минг сўмга қонунга хилоф равишда сотиб олган вақтда ушланган. Унинг бошқарувида бўлган “Gentra” русумли автомашина кўздан кечирилганда, валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ва ўтказиш йўли билан қўлга киритилган 7 минг 935 доллар, 45 минг рубль ва 23 миллион сўмдан ортиқ пуллар борлиги аниқланган. Улар ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
 
– Ушбу ҳолат бўйича суд мажлисида судланувчи В. А. га жазо тури ва миқдорини тайинлашда, иш бўйича енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олинди. Унинг шахсини, ижобий тавсифланганлигини, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолат, деб баҳоланди, – дейди жиноят ишлари бўйича Шофиркон тумани суди раиси Жамолбек Жуманиёзов. – Шу боис уни жамиятдан ажратмасдан туриб ҳам ахлоқан тузатиш имконияти бор, деб ҳисобланди. Унга нисбатан 1 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
 
Яна бир суд жараёнида ёши бир жойга бориб қолса-да, жиноят йўлига кирган Р. Н. га нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу шахс ўзи яшаб келаётган Бухоро шаҳридаги уйининг томорқасига маккажўхори орасига таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган “каннабис” ўсимлигини экиб, етиштирган.
 
“Каннабис” баргларини қуритиб, майдалаб “марихуана” гиёҳвандлик моддасини тайёрлаган бу шахс уни О. Ж. га 800 минг сўмга пуллайди. О. Ж. эса Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан назорат тариқасида гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун юборилган махсус харидор эди. Р. Н. воқеа жойида қўлга олинган.
 
Р. Н. нинг кўрсатмалари асосида унинг уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганида, таркибида фаол гиёҳвандлик воситаси бўлган кўп миқдордаги “марихуана” борлиги аниқланган.
 
Суд ҳукми билан оғуфурушга 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
 
 
ЎзА

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: