ҚОНУН ТАЛАБИ ҚАТЪИЙ, УНГА СЎЗЗИЗ РИОЯ ЭТИЛМОҒИ ДАРКОР

Тараққиёт, ривожланиш омиллари ўз-ўзидан юзага келмайди. Унга, авваламбор, қонунчилигимиз талабларига қатъий ва оғишмай амал қилиш асносида эришилади. Кейинги йилларда шахсни жазодан ва бошқа таъсирий чоралардан кўра меҳр-оқибат намуналари кўпроқ ва яхшироқ тарбиялайди, деган тамойил ўз ҳаётийлигини ёрқин намоён қилмоқда. Яъни бу жабҳадаги равнақ жараёни янада тезлашди, шиддаткор тус олди.

Судларнинг ихтисослашуви жараёнида юзага келган маъмурий суд тизими фуқаролар билан турли даражадаги давлат бошқарув органлари ўртасидаги муносабатларни қонунчилик меъёрлари асосида тартибга солишнинг муҳим бўғинига айланди. Эндиликда бу борадаги муаммо ва зиддиятлар адолатли ва холисона кўриб чиқилмоқда ҳамда қонун доирасида ҳал этилмоқда.

Шу ўринда жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш маъмурий судлар фаолиятининг энг муҳим вазифасига айланганини алоҳида таъкидлаш лозим.

«Судлар тўғрисида»ги қо­нуннинг 37-моддасига мувофиқ, маъмурий судлар давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими ва ундаги мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ёхуд қарорлари устидан келиб тушган ва оммавий-ҳуқу­қий муносабатларга сабаб бўлган шикоят ҳамда аризаларни кўриб чиқади.

Жорий йилнинг дастлабки 9 ойи мобайнида Хоразм вилоятидаги маъмурий судлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан қабул қилинган қарорлар устидан берилган жами 259 та ариза асосида юритилган маъмурий ишларни кў­­­риб, тамомлади.

Ушбу жараёнда 155 та аризада қўйилган талаблар қаноатлантирилиб, шаҳар ва туман ҳокимларининг 157 та қа­рори ҳақиқий эмас, деб топилди.

Бу борадаги таҳлиллар ай­­­­­­­рим маҳаллий давлат бошқаруви органлари қонун талабларини адо этишда ҳамон оқсаётганини кўрсатмоқда. Урганч тумани ҳокимлигининг фаолияти бунга мисолдир.

Маъмурий судлар жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида мазкур туман ҳокими то­­­монидан қабул қилинган қа­рорларнинг 58 тасини ҳақи­қий эмас, деб топди.

Жумладан, туман маъмурий суди яқиндагина «Шайх Назар мироб» фермер хўжалигининг 19 гектар ери туман ҳо­кимлиги томонидан асоссиз равишда олиб қўйилиб, узоқ муддатга тузилган ер ижара шарт­номаси бир томонлама бекор қилингани юзасидан берган шикоят аризасини қаноатлантирди.

Маълум бўлишича, ҳокимлик мутасаддилари бу низоли ишни қонун талаби асосида суд йўли билан эмас, балки ҳоким қарорини чиқариш асносида ўзларича ҳал этиб қўя қолишган. Чигал масала тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқи ва қонуний манфаатини қайта тиклаш, ноқонуний равишда тортиб олинган ер­ни унинг ихтиёрига қайтариш билан якун топди.

Шу билан бирга, Боғот тумани ҳокими имзолаган 19 та, Шовот тумани ҳокимининг 14 та, Ҳазорасп тумани ҳокимининг 11 та қарори ҳақиқий эмас, деб топилди.

Қонунийлиги судлар томонидан эътироф қилинмаган мазкур қарорларнинг аксар қисмини:

– 72 таси, яъни 45,8 фоизини турар жойга нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш ёхуд уни бекор қилиш;

– 51 таси ёки 32,8 фоизини ер майдонларини ажратиш;

– 18 таси ёки 11,4 фоизини фермер хўжаликлари ер майдонларини ноқонуний тарзда олиб қўйиш билан боғлиқ ва бошқа ҳо­латларга оид суд ишлари ташкил  қилган.

2019 йилнинг бошидан эъ­тиборан кучга кирган «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғ­рисида»ги қонун маъмурий ор­ганлар билан муносабатда қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутади.

Мазкур органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолияти, жумладан, лицензия тартибида рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш, давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомиллари ва бошқа тааллуқли ҳо­латларга нисбатан ушбу қо­нун нормалари татбиқ қилинади.

Бироқ бу таомиллардан четга чиқиш ва қўйилган талабларга риоя этмаслик ҳо­латлари мавжуд.

Қонун кучга кирганидан сўнг шаҳар ва туман ҳокимларининг 150 дан зиёд қарорлари кейинчалик маъмурий судлар томонидан ҳақиқий эмас, деб топилгани бу фикр­нинг яққол исботидир.

Дарҳақиқат, судларнинг ушбу мазмундаги қарорларни қабул қилиши учун жиддий сабаблар бор. Чунончи, сони юқорида кўрсатилган но­қонуний қарорларни тайёрлаш учун масъул бўлган шахсларнинг беписандлиги боис иш­­­ни маъмурий орган мажлисида кўриб чиқиш билан боғлиқ бир қатор қоидалар, жумладан, номи зикр қи­лин­ган қонуннинг 19, 47 ва 54-моддалари талаблари тўлиқ адо этилмаган.

Бунинг оқибатида маҳаллий ҳокимият органлари ташаббуси билан ўтказилган мажлисларда бир қатор манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ­лари қўпол тарзда бузилган.

Хусусан, Урганч тумани ҳо­кимлиги томонидан турар жойга эгалик ҳуқуқини бекор қилиш бўйича ўтказилган йи­ғинларда бир йўла 18 нафар фуқаронинг бевосита иштироки таъминланмаган. Бу ҳам камлик қилгандай, низоли масалани маъмурий ор­ган мажлисида кў­риб чиқмасдан туриб, ҳал этишдек жиддий қонунбузилиши ҳо­латларига йўл қў­йилган.

Кейинги пайтларда фермер хўжаликлари билан ҳо­кимликлар ўртасидаги муносабатларга доир суд ишлари миқдори анча ош­ди.  Шу муносабат билан «Фермер хў­жаликлари тўғрисида»ги қонуннинг ушбу масалага оид муҳим жиҳати — 13-моддасида белгиланган талабни алоҳида қайд этиш зарур.

Ушбу моддага кўра, ер участ­касини ижарага олиш шарт­номаси тарафларнинг келишувига биноан, тарафлар келишувга эришмаган тақдирда эса, суд томонидан ўз­гартирилиши ёки бекор қи­линиши мумкин.

Фермер хў­жалиги тугатилган тақдирда эса, ер участкасини ижарага олиш шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиниши лозим.

Фермерларнинг шикоятлари асосида ўтказилган суд жараёнларида Урганч ва Шовот туманлари ҳокимларининг айрим қарорлари бир томонлама, ўзаро келишувдан холи ҳолда қабул қилингани маълум бўлди, оқибатда ноқонуний қарорлар бекор қилинди.    

Шахс ҳуқуқлари, ер-мулк эгалари ва унга талабгор юрт­дошларимизнинг қонуний манфаатлари устуворлиги тамойили Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелда қабул қилинган «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўз­бошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўт­казиш тўғрисида»ги Фармонида янада ёрқин акс этган.

Фармон асосида Вазирлар Маҳкамасининг 461-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга биноан, кўчмас мулк­ка нисбатан ҳуқуқни эътироф қилиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари ташкил этилган.

Қарор асосида тасдиқлаган Низомнинг 16-бандида баён қилинишича, фуқаролар ўртасидаги мулкий низоларни ҳал этиш мазкур комиссиянинг ваколатига кирмайди. Шундай бўлса-да, бундай низоларга комиссиялар томонидан аралашув ҳолатлари мавжуд. Бунинг оқибатида ҳоким қарорлари ҳам қабул қи­линган.

Судлар бир қатор фуқароларнинг шикоятлари асосида ушбу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берди. Ґазорасп тумани ҳокимининг ўзаро низолар мавжуд бўлган ҳолатда 2018 йил 29 декабрда, Гурлан тумани ҳокимининг 2019 йил 18 сентябрда ва 19 декабрда, Хива шаҳар ҳокимининг 2018 йил 17 декабрда, Янгиариқ тумани ҳокимининг 2019 йил 5 февралда қабул қилган тегишли қарорлари қонун талабига зид эканлиги аниқланди.

Тобора янгиланаётган, тараққиёт ва демократия сари юзланаётган Ўзбекистон қо­нунчиликка риоя этилиши бў­йича ҳам энг юқори марраларга талабгор. Қонунчилигимиз тантанаси эса, авваламбор маъмурий бошқарув ор­ганлари мансабдор шахсларининг қатъий интизоми ва саъй-ҳаракатлари билан таъминланади.

Бунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўрни ва роли каттадир.

Шундай экан, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатни ҳар ким ўзидан бошласа, айни муддао бўлар эди.

Умиджон Расулбердиев,

Хоразм вилояти маъмурий судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: