МЕҲНАТ ВА ИЖРО ИНТИЗОМИ ИШ ФАОЛИЯТИНИНГ УСТУВОР ТАЛАБИДИР
Мамлакатимизда мажбурий меҳнат қонун асосида тақиқланган. Бироқ айрим ҳолларда бунга йўл қўяётган раҳбарлар учраётгани ачинарли, албатта.
Қуйидаги мисол шу ҳақда.
А. Саидов (исм-шариф ўзгартирилган) Бухоро вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармасининг тегишли буйруғи билан туман болалар-ўсмирлар спорт мактабига 3 ой синов муддат билан ишга қабул қилинган.
А. Саидовга мактаб ходимларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишларига жалб қилиб, мажбурий меҳнатга йўл қўйгани ҳамда хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашгани учун «ҳайфсан», шунингдек, мактабда меъёрий ҳужжатларни юритишда қатор камчиликларга йўл қўйгани учун ўртача иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдоридаги «жарима» интизомий жазолари тайинланган.
Мазкур интизомий жазони қўллаш ҳақидаги буйруқлардан норози бўлган А. Саидов судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Суд муҳокамасида аниқланишича, А. Саидов мансабдор шахс бўла туриб, ўзига юклатилган вазифани лозим даражада бажармагани, 2020 йил 18 июнь куни соат 9:00 дан 11:30 га қадар 15 нафар мураббийни асосий базада, 27 нафар мураббийни биринчи базада ободонлаштириш ишларига жалб қилгани ҳолати бўйича меҳнат инспекциясининг 2020 йил 19 июндаги 396-сонли қарори билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жаримага тортилган. Бундан ташқари бошқарма бошлиғи томонидан А. Саидовга 2020 йил 19 июнда «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилган.
2020 йил 25-26 июнь кунлари бошқарма ишчи гуруҳи спорт мактаби мураббийлари мурожаатига асосан ўрганиш ўтказганда ушбу муассасада меҳнат биржасига ҳисоботлар нотўғри бериб келиниб, мавжуд иш ўринлари яширилгани, 2020 йил январь-февраль ойлари учун берилган мукофотлар бўйича тайёрланган йиғилиш баённомалари имзоланмагани, ходимларнинг иш фаолиятида йўл қўйган камчиликлари бўйича директор номига ёзилган тушунтириш хати ва айрим мураббийларнинг ҳозирга қадар ишга қабул қилиш ҳақидаги буйруқлари расмийлаштирилмагани маълум бўлади.
Бундан ташқари ўрганишда машғулотлар жадвали ҳукумат қарори талаблари асосида ишлаб чиқилмагани, мураббийлар табели нотўғри юритилгани, спортдаги натижалари ва иш соатлари ўзгарган мураббийлар учун қўшимча тарификациялар ишлаб чиқилмагани, мактаб спортчиларига разряд бериш тартиби йўлга қўйилмагани, спортчиларнинг аксарияти тиббий кўрикдан ўтмагани, рағбатлантириш пуллари ортиқча тўлангани, директор ўринбосарига моддий жавобгарлик буйруғи тайёрланмагани, моддий товар бойликларини юритиш китоби юритилмагани, айрим ходимларга қисқартирилган соатдан ҳам кўпроқ соатлар қўшилгани каби бир қатор камчиликлар ҳам аниқланган.
Ўрганиш натижалари асосида А. Саидовга 2020 йил 2 июлда ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида «жарима» интизомий жазо чораси қўлланилган.
Суд мажлисида даъвогарнинг важлари ўз исботини топмади. Чунки А. Саидовга қўлланилган 2 та интизомий жазо чоралари ҳам Меҳнат кодекси ва бошқарма локал ҳужжати ҳисобланган 2018-2020 йиллар учун тузилган жамоа шартномаси қоидаларига асосан ўз муддатида қўлланилган.
Баён этилган ҳолатлардан кўринадики, иш берувчи интизомиий жазо қўллашда А. Саидов томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатнинг қай даражада оғир экани, шу хатти-ҳаракат содир этилган вазият, унинг олдинги иши ва хулқ-атворини ҳисобга олган. Қолаверса, 2020 йил 5 ноябрда туман ҳокими 08/32-сонли хат орқали А. Саидовнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик мурожаатлари кўпайгани сабабли унга ҳокимлик ишончсизлик билдиришини маълум қилган.
Суд иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, А. Саидовнинг даъво аризасини рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, қонун талабларига қатъий риоя қилинган жойда ортиқча шикоятбозликка ҳожат қолмайди. Буни ҳеч қачон унутмаслик зарур.
Ферузжон ЁДГОРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Бухоро туманлараро суди раиси
Фикр қолдириш