АДОЛАТНИНГ ОЙДИН ЙЎЛИ
Ҳаётда инсон ҳар қандай қийинчиликка чидаши мумкин. Аммо адолатсизликка тоқат қилолмайди. Адолатсизлик, ноҳақлик токи барҳам топмагунча киши ҳузур-ҳаловат нима эканини билмайди. Бундай вазиятга тушган инсоннинг кўзи кулса ҳам ўзи кулмайди.
Тошкент шаҳрида яшовчи Азмиддин Бузуруков ва Дилноза Раҳмонова ҳам (исм-шарифлар ўзгартирилган) биргина туҳмат ва бўҳтон туфайли юзага келган адолатсизликдан қарийб 10 йил азият чекишди.
Албатта, табиий ва ҳақли савол туғилади: хўш, уларнинг бошига қандай ташвиш тушган эди?
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2011 йил 24 февралдаги ҳукмида қайд этилишича, А. Бузуруков ва Д. Раҳмонова фирибгарлик йўли билан фуқаро Рустам Манноповнинг ишончига кириб, унга Тошкент шаҳрининг марказ жойларидан қурилиш учун ер майдонларини олиб беришни ваъда қилишган.
Аниқроғи, улар Р. Манноповни ишонтириш учун Чилонзор тумани, Муқимий кўчаси, 21-уй ёнидан 0,018 гектар, Чўпонота кўчаси, Чилонзор-9 мавзесидан 3 сотих, Шайхонтоҳур тумани, Марказ-13 мавзеси, 5-уй ёнидан 6 сотих, Юнусобод туманидаги собиқ 15-сонли шифохона яқинидан 4 сотих, Миробод тумани, Фарғона йўли кўчасидан 5 сотих ер майдонларини кўрсатишган. Бу ҳудудларда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қуриши мумкинлигини, моддий манфаатдорлик эвазига ушбу ер майдонларини унинг номига расмийлаштириб беришни айтишган.
Шу боис улар 2007 йил 25 ноябрдан 2008 йил июль ойига қадар ундан 285 минг АҚШ доллари миқдордаги маблағни Тошкент шаҳрининг турли жойларида олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборишган.
Бундан ташқари А. Бузуруков ва Д. Раҳмонова Тошкент шаҳар ҳокимининг Р. Манноповнинг қайнонаси Д. Собировага Шайхонтоҳур тумани, Марказ-13 мавзеси, 5-уй ёнидан 6 сотих ҳамда Р. Манноповнинг онаси Г. Манноповага Чилонзор тумани, Муқимий кўчаси, 21-уй ёнидан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси қуриш учун 0,018 гектар ер майдони ажратилгани ҳақидаги қарорларини қалбакилаштирган. Шу муносабат билан уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Суднинг ҳукмига биноан А. Бузуруков ва Д. Раҳмонова Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди, 228-моддаси 2-қисми «б» банди ва 3-қисми билан айбдор деб топилган.
Оқибатда А. Бузуруков Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Д. Раҳмонова эса Олий Мажлис Сенатининг 2010 йил 28 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарори ҳамда Жиноят процессуал кодекснинг 421 ва 463-моддаси 3-қисми 1-бандига асосан жазодан озод қилинган.
Шунингдек, суд ҳукмида Р. Маннопов фойдасига судланувчилардан солидар тартибда 285 минг АҚШ доллари ундириш белгиланган.
Шундан сўнг А. Бузуруков ва Д. Раҳмонова жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига кассация шикояти билан мурожаат қилишган.
Натижада суднинг 2011 йил 29 апрелдаги ажрими билан ҳукм ўзгартирилган.
Яъни уларнинг айбидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми чиқарилиб, А. Бузуруковга Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «а» банди ва 228-моддаси 2-қисми «б» бандига асосан кодекснинг 59-моддаси тартибида энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баравари миқдорида 9 миллион 814 минг сўм жарима жазоси тайинланган.
Қолаверса, ҳукмнинг қарор қисмидан судланувчилардан Р. Маннопов фойдасига 285 минг АҚШ доллари ундириш қисми чиқарилган. Лекин бу ҳолат ҳам А. Бузуруков ва Д. Раҳмоновани қониқтирмаган.
Буни қарангки, орадан йиллар ўтиб, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар А. Бузуруков ва Д. Раҳмонованинг кўнглида адолатни қарор топтиришга ишонч уйғонди. Уларнинг мурожаатига биноан Тошкент шаҳар прокурори томонидан Олий судга протест киритилди.
Шу билан бирга ҳимоячи А. Ким ҳам суд ҳукмига нисбатан апелляция шикоятини берди. Пировардида Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 12 октябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2011 йил 29 апрелдаги А. Бузуруков ва Д. Раҳмоновага нисбатан чиқарилган ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кассация инстанциясида кўриш учун юборилди.
Бироқ 2021 йил 12 январда қабул қилинган «Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ҳамда Олий суд Пленумининг 2021 йил 15 январдаги қарори 2-бандига мувофиқ, жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилди.
Дарҳақиқат, апелляция суди мажлисида Азмиддин Бузруков ва Дилноза Раҳмонова ноҳақ жавобгарликка тортилгани аён бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Олий суд Пленумининг суд ҳукми чиқарилган вақтда амалда бўлган — 1997 йил 2 майдаги «Суд ҳукми тўғрисида»ги қарорида судланувчи томонидан терговда ёки судда айбини бўйнига олиш ҳолати иш бўйича тўпланган ҳамда судда текширилган бошқа далиллар билан холисона тасдиқлангандагина айблов ҳукми чиқаришга асос бўла олади. Бундан ташқари бу талаб айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва судланувчининг айбдорлиги суд муҳокамаси жараёнида исботланган тақдирдагина чиқарилиши лозимлиги ҳақидаги Жиноят-процессуал кодекснинг 463-моддаси мазмунидан келиб чиқиши, ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, далиллар қонунга зид равишда олингани сабабли улар далил сифатида танилмаганлиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлиши ҳақида тушунтириш берилган.
Шунингдек, Жиноят-процессуал кодекснинг 497-25-моддасида биринчи инстанция суди томонидан суд терговининг тўлиқ эмаслигига ёки бир ёқламалигига ёхуд процессуал бузилишлар йўл қўйилган бўлса, апелляция инстанцияси суди тўлиқ ёки қисман суд терговини ўтказиш йўли билан бўшлиқларнинг ўрнини тўлдириш, процессуал бузилишларни бартараф этиш чораларини кўриши белгиланган.
Аммо тергов жараёни ва аввалги суд инстанцияларида мазкур қонуний талабларга риоя қилинмаган.
Хусусан, дастлабки тергов органи ва биринчи инстанция суди А. Бузуруков ва Д. Раҳмоновани фақатгина жабрланувчи Р. Маннопов, гувоҳ М. Маннопов ва Р. Абзалованинг кўрсатмаларига асосан айблаган.
Судланувчиларнинг айбини тасдиқловчи ишончга сазовор бўлган далилларни аниқламаган.
Энг муҳими, жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриш жараёнида бир қатор номақбул далиллар ва қарама-қаршиликлар ҳам ойдинлашди.
Шулардан бири биринчи инстанция суди жараёнида жабрланувчи Р. Маннаповнинг ҳимоячиси томонидан тақдим этилган, судланувчи А. Бузуруков, жабрланувчи Р. Маннапов ва гувоҳ Р. Абзаловалар ўртасида бўлиб ўтган суҳбат ёзилган «CD» дискидир. А. Бузуруков ушбу аудиоёзув монтаж қилинганлигини таъкидлайди. Шу боис унинг илтимосига биноан, апелляция ҳайъатининг 2021 йил 14 январдаги ажрими билан судга оид фоноскопик экспертиза тайинланди. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг 2021 йил 10 февралдаги 29/16(686)18.1Z/1602-сонли суд-фонография экспертизаси хулосасига кўра, компакт дисклардаги ёзув муттасиллигининг қисқа вақтга бузилгани ва видеофонограммада электроакустик монтаж белгилари мавжудлиги аниқланган. Бинобарин, апелляция инстанцияси судлов ҳайъати Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги 12-сонли қарори тушунтиришларига амал қилган ҳолда ҳамда экспертиза хулосасига мувофиқ тақдим қилинган «CD» дисклар ва ундаги аудиоёзувларни номақбул далил деб топди.
Яна бир ҳолат. Жабрланувчи Р. Маннопов, гувоҳ М. Маннопов ва Р. Абзалова ўз кўрсатмасида 2008 йил май ойи бошларида 75 минг АҚШ долларини Д. Раҳмонова яшаб келган Чилонзор тумани, «Ц» мавзесида жойлашган уйига олиб бориб берганини билдирса-да, суд жараёнида буни исботловчи ишончга сазовор далил аниқланмаган. Ваҳоланки, Д. Раҳмонова қайнонаси билан муносабатлари ёмонлашгани сабабли 2007 йил ёз ойидан буён тилга олинган манзилда эмас, балки бошқа жойда ижарада турган.
Қолаверса, жабрланувчи ва гувоҳлар 285 минг АҚШ долларини Рустам Манноповнинг хитойлик тадбиркор таниши таклифига биноан Тошкент шаҳрида ишлаб чиқариш цехини қуриш мақсадида ер участкаси олиш учун Д. Раҳмонова орқали А. Бузуруковга берганини баён қилди. Лекин ишлаб чиқариш цехини аҳолидан узоқроқ жойда қуриш ҳамда бунинг учун бир неча ўнлаб сотихдан иборат ер майдони талаб қилинса-да, Р. Маннопов, М. Маннопов ва Р. Абзалованинг судланувчи А. Бузуруков уларга Чилонзор, Шайхонтоҳур ва Миробод туманлари ҳудудидан 3, 4, ёки 5, 6 сотихли ер участкаларини кўрсатгани ҳолати уларнинг билдирган важларига нисбатан шубҳа уйғотади.
Шунингдек, жабрланувчи томонидан ишлаб чиқариш цехи қуришга оид бизнес-режани амалга оширишда айнан қанча миқдорда пул маблағ берилганини тасдиқловчи рад этиб бўлмайдиган далиллар тақдим этилмади.
Жабрланувчи ва гувоҳлар А. Бузуруков билан доимий равишда уяли телефон орқали мулоқотда бўлганини билдирса-да, жиноят ишида мавжуд уяли алоқа компаниялари томонидан тақдим этилган кирувчи ва чиқувчи қўнғироқлар ҳақидаги маълумотлар Р. Маннопов ва А. Бузуруковнинг телефон рақамлари орқали бирон маротаба ҳам боғланиш бўлмаганини тасдиқлайди.
Гувоҳ Р. Абзалованинг яна бир ёлғон кўрсатмаси шундан иборатки, у 2007 йил 25 ноябрь куни «Фотон» заводи олдига Р. Маннопов билан бирга бориб, А. Бузуруковга олдиндан келишилган 30 минг АҚШ долларини берганини айтган. Ваҳоланки, ўша куни А. Бузуруков Малайзия давлатида сайёҳ сифатида сафарда бўлган. Судланувчи буни тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам тақдим қилган.
Энг эътиборлиси, жабрланувчи ва гувоҳлар оз эмас, нақ 285 минг АҚШ долларни берса-ю, лекин бирор марта ҳам А. Бузруковдан пул олгани тўғрисида тилхат ёздириб олмагани ёки чипта талаб қилмагани шубҳали эмасми?
Шу ва яна бир қатор асосларга таянган апелляция судлов ҳайъати Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2011 йил 24 февралдаги ҳукмини бекор қилиб, Азмиддин Бузуруков ва Дилноза Раҳмоновани айбсиз деб топиб, оқлади. Уларга ўзларига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида даъво тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Шу тариқа роппа-роса 10 йилдан сўнг адолат қарор топди. Бу адолат ҳамиша барҳақ эканининг исботи бўлиши билан бирга мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг амалий намунаси ҳамдир.
Муҳтарама ТУРҒУНОВА,
Тошкент шаҳар суди судьяси
Фикр қолдириш