БЕБОШ КУЁВ ҚАЙНОНАСИ ВА ХОТИНИГА «ҲУНАР» КЎРСАТДИ
Қўштепа туманининг «Соҳибкор» маҳалласида яшовчи Розия Алимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2021 йилда 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрамини нишонлай олмади. Чунки ўша пайтда у олган тан жароҳати туфайли шифохонада даволанаётган эди.

Марғилон шаҳрида яшовчи Исроил Алимов 2010 йилда Розия билан турмуш қурган пайт роппа-роса 20 ёшда эди. Бу бир қарашда уйланиш учун ўрта ёш саналса-да, аммо у ҳали турмушнинг паст-баланди ва синовларига тайёр эмасди. Шу боис кўп ўтмай, ёш оилада арзимаган майда жанжаллар, дилхираликлар содир бўла бошлади.
Яъни куёв бўлмиш зўравонлик қилиб, жисмоний куч билан ўз ҳукмини ўтказишга уринса, келин ҳам гапдан қолмасди. Энг ёмони, Р. Алимованинг онаси Ўлмасой Эгамқулова қизининг оиласига аралашавериши Исроилнинг баттар жаҳлини чиқарарди.
Буни қарангки, орадан 10 йил ўтиб, эр-хотин уч нафар фарзандли бўлишса-да, уларнинг ўртасидаги «ғиди-биди»лар тинмади. Ўтган йилнинг март ойи бошида ҳам Розия эри билан жанжаллашиб қолгани туфайли онасиникига кетиб қолганди. Аниқроғи, куёвининг бебошлигидан зада бўлган Ўлмасой опа қизи ва набираларини ўз уйига олиб кетганди.
Бинобарин, 2021 йил 3 март куни И. Алимов фарзандларини кўриш мақсадида қайнонасининг уйига боради. Бироқ Ў. Эгамқулова унга болаларини кўрсатмайди. Бундан ғазабланган куёв унинг кўчада — дарвоза рўпарасида қолдирилган «Нексия-3» русумли автомашинасининг давлат рақамини ечиб, олиб кетади.
Шундан сўнг Ўлмасой Эгамқулова бу ҳақида туман ички ишлар бўлимига хабар беради. Оқибатда Исроилдан транспорт воситасининг давлат рақам белгиси далилий ашё тариқасида олинади.
Эртаси куни кеч соат 19.00 ларда у яна қизларини кўргани боради. Бу маҳал хотини онасига қарашли дўконда савдо қилаётгани боис кичик қизи Муниса ҳам ўша ерда эди. Лекин Р. Алимова эрининг Муниса билан учрашиб, суҳбатлашишига монелик қилади. Табиийки, бир кун аввал ҳам қаршиликка дуч келган И. Алимов бундан тутоқиб кетади.
— Кеча онанг рухсат бермаганди. Энди сен йўлимга тўғаноқ бўлаяпсанми?! — у шундай дея хотинини аёвсиз дўппослашга тушади.
Натижада Розиянинг бурун суяги синиб, мияси чайқалади.
Бу воқеадан сўнг И. Алимов салкам икки ой қорасини кўрсатмайди. Аммо апрель ойининг охирларида яна кенжатойини соғиниб қолади. «Уйига борсам, қайнонам қизимни кўрсатмайди. Яхшиси, Мунисани бирор жойга олиб борса, ўшанда учрашиб, гаплашаман» деб ўйлайди у.
Дарҳақиқат, 2021 йил 29 апрель куни эрталаб Ў. Эгамқулова автомашинасида набираси М. Алимова билан Фарғона шаҳрининг Марғилон кўчасида яшовчи таниши Омина Шоматованикига меҳмонга боради. Айни шу пайтда куёви ҳам етиб келади. Натижада улар йўлакда тортишиб қолишади. Шунда Исроил қайнонасининг юзига тарсаки туширади. Кейин унга зўрлик ишлатиб, тан жароҳати етказади ва қўлидаги «Нексия-3» русумли автомашинанинг калитини тортиб олади. Оқибатда автомашинани ўзлаштириш мақсади бўлмаган ҳолда олиб қочиб, уни Фарғона туманининг «Оқбилол» маҳалласи ҳудудидаги дала майдонига ташлаб кетади.
Албатта, бу қилмиши туфайли И. Алимов ўша куниёқ ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинади. Натижада унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.
Шу ўринда яна бир гап. Ушбу жиноят ишини тергов қилиш жараёнида И. Алимовнинг яна бир кирдикори фош бўлади. Яъни у то қайнонасининг автомашинасини олиб қочганга қадар Д. Ёрқиновни ҳам чув туширган экан. Аниқланишича, 2021 йил 25 апрель куни Д. Ёрқинов амакиси Ғ. Шокиров билан бирга Марғилон шаҳрининг «Қашқар» маҳалласида жойлашган бозорга 4 бош қорамолини сотиш учун олиб боради. У қорамолларнинг 3 бошини сотади-ю, бир бошини ҳадеганда харидор сўрайвермайди. Дўсти Умид билан бозорга борган Исроил эса, буни кузатиб турган экан. Шу боис у дарҳол Диёрнинг қўлини ушлаб, қорамолни 12 600 000 сўмга савдолашади. Лекин пулнинг 600 000 сўмини беради, холос.
— Қолганини узоғи билан бир ҳафтада оласиз, — дейди у.
— Йўқ, — дея кўнмайди Д. Ёрқинов. — Танимаган одамга насияга сотмайман.
Шунда И. Алимов бозорда ҳаммага таниш бўлган Абдумалик исмли шахсни ўртага қўйиб, молни олиб кетади. Аммо…
Аммо у молни тез орада номаълум харидорга сотиб, пулини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади. Д. Ёрқиновга берган ваъдасини эса, буткул унутади.
Хуллас, бир ҳафта муддатда пулдан дарак бўлмагач, Д. Ёрқинов унга қўнғироқ қилади. Бироқ гўшакни ҳеч ким кўтармайди. Охир-оқибат тоқати-тоқ бўлиб, фирибгарнинг уйига боради. Аммо у И. Алимовни қамоққа олинганини эшитгач, ИИБга мурожаат қилади.
Шундан сўнг И. Алимовга бу қилмиши учун ҳам жиноят иши қўзғатилди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми ва 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисми «в» банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, оилавий можаро туфайли юз берган жиноятда жабрланувчи Ўлмасой Эгамқулованинг ҳам айби йўқ деб бўлмайди. Чунки у орадан ҳар қанча аччиқ гап-сўзлар ўтмасин, қизи ва куёвини муросага келтириши, гулдек оилани сақлаб қолиш чораларини кўриши керак эди. Аксинча, калондимоғ қайнона қизини Туркияга давлатига жўнатиб юборди. Оқибатда бир эмас, 3 нафар фарзанд тирик етим бўлиб қолди.
Қолаверса, судланувчи истиқомат қилган маҳалла фуқаролар йиғини масъулларининг лоқайдлигини ҳам кечириб бўлмайди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, лоқайдлик, калондимоғлик ва зўравонлик инсонга ҳеч қачон фойда бермаган. Кечиримлилик, бағрикенглик ва ўзаро муроса йўқ бўлган жойда эзгулик ҳақида гапириш ортиқча. Буни баён этилган воқеа тафсилоти ҳам яққол тасдиқлайди.
Камолиддин РАҲИМОВ,
жиноят ишлар бўйича
Фарғона шаҳар суди судьяси
Фикр қолдириш