БЕБОШ КУЁВ ҚАЙНОНАСИ ВА ХОТИНИГА «ҲУНАР» КЎРСАТДИ

Қўштепа туманининг «Соҳибкор» маҳалласида яшовчи Розия Алимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2021 йилда 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни байрамини ни­шонлай олмади. Чунки ўша пайтда у олган тан жароҳати туфайли шифохонада даволанаётган эди.

Марғилон шаҳрида яшовчи Исроил Алимов 2010 йилда Розия билан турмуш қурган пайт роппа-роса 20 ёшда эди. Бу бир қарашда уйланиш учун ўрта ёш саналса-да, аммо у ҳали турмушнинг паст-баланди ва синовларига тайёр эмасди. Шу боис кўп ўтмай, ёш оилада арзимаган майда жанжаллар, дилхираликлар содир бўла бошлади.

Яъни куёв бўлмиш зў­равонлик қилиб, жисмоний куч билан ўз ҳукмини ўтказишга уринса, келин ҳам гапдан қолмасди. Энг ёмо­ни, Р. Алимованинг онаси Ўлмасой Эгамқулова қизининг оиласига аралашавериши Исроилнинг баттар жаҳлини чиқарарди.

Буни қарангки, орадан 10 йил ўтиб, эр-хотин уч нафар фарзандли бўлишса-да, уларнинг ўртасидаги «ғиди-биди»лар тин­ма­­ди. Ўтган йилнинг март ойи бошида ҳам Розия эри билан жанжаллашиб қолгани туфайли онасиникига кетиб қол­ганди. Аниқроғи, куёвининг бебошлигидан зада бўлган Ўлмасой опа қизи ва набираларини ўз уйига олиб кетганди.

Бинобарин, 2021 йил 3 март куни И. Алимов фарзандларини кўриш мақсадида қайнонасининг уйига боради. Бироқ Ў. Эгамқулова унга болаларини кўр­сатмайди. Бундан ға­забланган куёв унинг кўчада — дарвоза рўпарасида қолдирилган «Нек­сия-3» русумли автомашинасининг давлат рақамини ечиб, олиб кетади.

Шундан сўнг Ўлмасой Эгам­қулова бу ҳақида туман ички ишлар бўлимига хабар беради. Оқибат­да­ Исроилдан транспорт воситасининг давлат рақам белгиси далилий ашё тариқасида олинади.

Эртаси куни кеч соат 19.00 ларда у яна қизларини кўргани боради. Бу маҳал хотини онасига қа­рашли дўконда савдо қи­лаётгани боис кичик қизи Муниса ҳам ўша ерда эди. Лекин Р. Алимова эрининг Муниса билан учрашиб, суҳбатлашишига монелик қилади. Табиийки, бир кун аввал ҳам қаршиликка дуч келган И. Алимов бундан тутоқиб кетади.

— Кеча онанг рухсат бер­маганди. Энди сен йў­лимга тўғаноқ бўлаяпсанми?! — у шундай дея хотинини аёвсиз дўппослашга тушади.

Натижада Розиянинг бурун суяги синиб, мияси чайқалади.

Бу воқеадан сўнг И. Алимов салкам икки ой қорасини кўрсатмайди. Аммо апрель ойининг охирларида яна кенжатойини соғиниб қолади. «Уйига борсам, қайнонам қизимни кўрсатмайди. Ях­­­­шиси, Мунисани би­­рор жойга олиб борса, ўшанда учрашиб, гаплашаман» деб ўйлайди у.

Дарҳақиқат, 2021 йил 29 апрель куни эрталаб Ў. Эгамқулова автомашинасида набираси М. Алимова билан Фарғона шаҳрининг Марғилон кў­часида яшовчи таниши Омина Шоматованикига меҳмонга боради. Айни шу пайтда куёви ҳам етиб келади. Натижада улар йў­лакда тортишиб қолишади. Шунда Исроил қайнонасининг юзига тарсаки туширади. Кейин ун­га зўр­лик ишлатиб, тан жа­ро­ҳати етказади ва қў­ли­да­ги «Нек­сия-3» русумли ав­томашинанинг калитини тортиб олади. Оқи­бат­да автомашинани ўз­лаш­ти­риш мақсади бўл­маган ҳолда олиб қо­чиб, уни Фарғона туманининг «Оқ­билол» маҳалласи ҳу­ду­дидаги да­ла майдонига ташлаб кетади.

Албатта, бу қилмиши туфайли И. Алимов ўша куниёқ ИИБ ходимлари томонидан қўлга олинади. Натижада унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Шу ўринда яна бир гап. Уш­бу жиноят ишини тергов қилиш жараёнида И. Алимовнинг яна бир кирдикори фош бўлади. Яъни у то қайнонасининг автомашинасини олиб қоч­ганга қадар Д. Ёрқиновни ҳам чув туширган экан. Аниқланишича, 2021 йил 25 апрель куни Д. Ёр­қинов амакиси Ғ. Шокиров билан бирга Марғилон шаҳрининг «Қашқар» маҳалласида жойлашган бозорга 4 бош қорамолини сотиш учун олиб боради. У қорамолларнинг 3 бошини сотади-ю, бир бошини ҳа­де­ганда харидор сўрай­вер­майди. Дўсти Умид­ билан бозорга борган Исроил эса, буни кузатиб турган экан. Шу боис у дар­ҳол Диёрнинг қўлини ушлаб, қорамолни 12 600 000 сўмга савдолашади. Лекин пулнинг 600 000 сўмини беради, холос.

— Қолганини узоғи билан бир ҳафтада оласиз, — дейди у.

— Йўқ, — дея кўнмайди Д. Ёрқинов. — Танимаган одамга насияга сотмайман.

Шунда И. Алимов бозорда ҳаммага таниш бўлган Абдумалик исмли шахсни ўртага қў­йиб, молни олиб кетади. Аммо…

Аммо у молни тез орада номаълум харидорга со­тиб, пулини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади. Д. Ёрқиновга берган ваъдасини эса, буткул унутади.

Хуллас, бир ҳафта муддатда пулдан дарак бўлмагач, Д. Ёрқинов унга қўнғироқ қилади. Бироқ гўшакни ҳеч ким кўтармайди. Охир-оқибат тоқати-тоқ бўлиб, фирибгарнинг уйи­га боради. Аммо у И. Алимовни қамоққа олинганини эшитгач, ИИБга мурожаат қилади.

Шундан сўнг И. Алимовга бу қилмиши учун ҳам жи­ноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди уни Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми, 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми, 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 1-қисми ва 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) 2-қисми «в» банди би­лан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Кези келганда шуни таъ­кидлаш лозимки, ои­лавий можаро туфайли юз берган жиноятда жабрланувчи Ўлмасой Эгамқулованинг ҳам айби йўқ деб бўл­майди. Чунки у орадан ҳар қанча аччиқ гап-сўзлар ўтмасин, қизи ва куёвини муросага келтириши, гулдек оилани сақлаб қолиш чораларини кўриши керак эди. Аксинча, калондимоғ қайнона қизини Туркияга давлатига жўнатиб юборди. Оқи­батда бир эмас, 3 на­фар фарзанд ти­­рик етим бўлиб қолди.

Қолаверса, судланувчи истиқомат қилган маҳалла фуқаролар йиғини масъулларининг лоқайдлигини ҳам кечириб бўл­майди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, лоқайдлик, калондимоғлик ва зўравонлик инсонга ҳеч қачон фойда бермаган. Кечиримлилик, бағрикенглик ва ўза­ро муроса йўқ бўлган жойда эзгулик ҳақида гапириш ортиқча. Буни баён этилган во­қеа тафсилоти ҳам яққол тасдиқлайди.

Камолиддин РАҲИМОВ,

жиноят ишлар бўйича

Фарғона шаҳар суди судьяси

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: