СУД СОҲАСИДАГИ ГЕНДЕР ТЕНГЛИК ВА ҲУҚУҚ УСТУВОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА АЁЛ-СУДЬЯЛАРНИНГ РОЛИ

Бугунги кунда гендер тенгликни таъминлаш бутун дунёда кузатилаётган тенденциялар халқаро судлар тизимидаги ҳам ўз аксини топиб, БМТ Бош ассамблеясининг 2021 йил 28 апрелдаги 75/274-сонли резолюцияси билан “10 март – Халқаро аёл судьялар куни” деб белгиланди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасидаги давлат ва жамият истиқболи йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам халқаро майдонда инсоният тараққиётига оид кечаётган жараёнлар ҳамда замон талаби билан ҳамоҳангдир.

Жумладан, 2021 йил 28 майдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори билан “Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” тасдиқланган бўлиб, унга кўра 2030 йилга қадар судьялар орасида хотин-қизлар улушини 30 фоизга кўтариш белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ҳам “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш” алоҳида мақсад қилиб белгинланган.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари томонидан 2022 йилнинг 1 март куни ўтказилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ҳамда 2022 йил 7 март куни қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Ўзбекистон Республикаси Олий суди зиммасига аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан кафолатли химоя қилишнинг янги самарали тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди.

Хотин-қизлар учун яратилаётган янги имтиёз ва шароитлар белгиланиб, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини тиклаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ҳамда бандлигини таъминлаш, шунингдек, барча соҳа ва тармоқларда аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш, гендер кўрсаткичларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда суд тизимида фаолият кўрсатаётган судьяларнинг 16 фоизи аёл судьялар хиссасига тўғри келади. Олий судда эса бу кўрсаткич 21 фоизни ташкил этади.

Эътиборлиси, кўплаб аёл судьялар одил судлов соҳасида раҳбарлик лавозимларида самарали меҳнат қилишмоқда.

Жумладан, 5 нафар аёл судьялар вилоят судлари раислари ва раис ўринбосарлари лавозимида, 75 нафар аёллар эса Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва вилоят судларида судья лавозимида, 20 нафар аёллар бўлса туман, шаҳар ва туманлараро судларининг раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, жорий ўқув йилида Олий судьялик мактабининг магистратура босқичига қабул қилинган 76 нафар талабанинг 16 нафари ёки 23 фоизи аёллардан иборат. Уларнинг аксарият қисми сертификатларни қўлга киритиб, танлов конкурсидан муваффақиятли ўтгач, судьялик лавозимига тайинланади ва бу билан суд тизимидаги гендер кўрсаткичи сезиларли даражада ошади деб айтишимиз мумкин.

Юқорида келтирилган суд тизими олдига қўйилган вазифаларни ҳамда аёл судьялар ҳамжамиятининг ечим талаб этаётган масалаларини ўзаро муҳокама қилиб олиш, шунингдек 10 март – Халқаро аёл судьялар кунини кенг нишонлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Омбудсман ҳамда Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан хамкорликда “Суд соҳасидаги гендер тенглик ва ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда аёл судьяларнинг роли” мавзусида конференция ўтказилди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари Робахон Маҳмудова олиб борди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Пьер фон Аркснинг қутлов сўзлари билан бошланди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Н. Умаров, Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М. Кадирханова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф. Эшматова, аёл-судьялар, олимлар ва илмий ходимлар кун тартибидаги масала юзасидан тайёрланган маърузалари билан чиқдилар.

Муҳокамада суд соҳасидаги гендер тенглик ҳолати ва истиқболдаги режалар, суд тизимидаги гендер вазиятни янада яхшилаш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифлар, хорижий аёл судьялар ассоциациялари ва миллий аёл судьялар ҳамжамиятини ташкил этиш шарт-шароитлари, шунингдек мамлакатимизда суд соҳасида амалга оширилаётган гендер тенгликка оид ислоҳотлар самарадорлигини ошириш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар ўрин олди.

Конференция якунида мамлакатимиз одил судлов соҳасида кўп йилар давомида фидокорона меҳнат кўрсатган бир гуруҳ аёл судьялар Олий Мажлис Сенатининг фахрий ёрлиқлари билан муносиб тақдирландилар.

Шунингдек, конференция натижалари бўйича аёл судьялар ҳамжамияти бутун Ўзбекистон Республикаси одил судлов тизимига мурожаатнома йўллади.

Мурожаатномада:

– суд тизимини халқ ишончини қозонадиган адолатли ва коррупциядан ҳоли тизимга айлантириш;

– судьялар корпусида аёллар вакиллигини ошириб бориш йўли билан суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги билан вазирлик ҳузуридаги Тошкент давлат юридик университети ва юридик лицей талаба қизларини судьялик касбига жалб этишга қаратилган чора-тадбирлар бўйича ўзаро Келишув имзолаш;

– хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда зўравонларга нисбатан қилмишига яраша ва  муросасиз жавобгарлик чораларини қўллаш орқали аёлларни бундай жиноятлардан кафолатли химоя қилиш.

– Судьялар олий Кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига қабулларда хотин-қизларга квота ажратиш ва ўз уйидан ажралган ҳолда пойтахтга келиб ўқиш имконига эга бўлмаган хотин-қизларга масофавий таълим олиш имконини яратиш орқали суд корпусида гендер барқарорликни таъминлаш бўйича таклиф киритиш;

– ҳомиладор ва вояга етмаган фарзандлари бор бўлган судья аёлларнинг ўз соғлиги ва оиласига етарлича вақт ажратиш имконини яратиш учун  иш юкламасини 10 фоизгача камайтириш;

– Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги аёл судьялар клуби негизида Аёл судьялар фаолиятига оид масалалар билан шуғулланиб, ечим талаб этадиган масалаларда таҳлил ва изланишлар ўтказиш йўли билан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқувчи доимий фаолият кўрсатадиган “Аёл судьялар ҳамжамияти”ни таъсис этиш каби масалалар бўйича таклифлар илгари сурилди.

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: