ТАҚДИР СИНОВИ, БОБО ВА БУВИ БЎЛИШ БАХТИ ЁКИ СУДДА ТАНТАНА ҚИЛГАН АДОЛАТ ХУСУСИДА

Нодира опа суд залига ҳаяжонланган кўйи кириб келди. Унинг фикру хаёлини марҳума қизи Нафисадан ёдгор бўлиб қолган жигарбандини олиб қўйишмасмикан, деган ўй банд этиб олган эди.

Шу ўринда воқеани батафсил баён этадиган бўл­сак, Нафиса бир не­ча йил муқаддам маҳалласидаги узоқроқ қариндошининг ўғли Расулга турмушга чиққанди. Аммо Нафисанинг бахти очилмади, оилавий турмуши вақт ўтса-да, ўз изми ва ўзанига тушмади. Тўйдан сўнг 4 ой ўтгач, ота уйига қайтиб келди. Ўғли Асад ҳам шу хонадонда дунёга келди.

Одатда, фарзанднинг дунё­га келиши оилани мустаҳкамлайди, ота-онани масъулиятни ҳис этиб яшашга ундайди. Бироқ Расул ва Нафисанинг дарз кетган муносабатлари қайта тикланмади. Фарзанд эр ва хотин ўр­тасида кўприк бў­лолмади. Аксинча, Расул орани очиқ қилди, бошқа аёлга уйланди ва икки нафар фарзанднинг отаси бўлишга ҳам улгурди.

Нафиса эса, Асадни оқ ювиб, оқ тараганча ота-онасининг уйида қолди.

Хай­рият,­ ота-онаси ҳам қараб туришмади. Отасиз ўсаётган набирага улар меҳр беришди. Асад ўзгалардан кам бўл­маган кўйи улғайди. Бироқ турмуш тасодифларга тўла. Оилага кулфат оралади. Оғир касаллик туфайли Нафиса бевақт ҳаётдан кўз юмди.

Бу пайтда Асад ҳали 6 ёш­га ҳам тўлмаганди. Бобо — Шуҳ­рат Раҳимов ва буви — Но­дира Каримова (исм-шарифлар ўзгартирилган) онасидан бевақт жудо бўл­ган набирани тарбия қилишди, бутун меҳрини унга беришди.

Шундан сўнг Урганч шаҳар ҳокими номига ариза билан мурожаат қилиб, болага нисбатан васийлик мақомини белгилаш ва ушбу ҳу­қуқ­ни ўзларига беришни сў­рашди. Уларнинг мурожаатига асосан Асадга буви бўлмиш Нодира Каримова ҳокимнинг тегишли қарорига мувофиқ васий этиб тайинланди. Ушбу қарор набирасини ҳеч кимдан кам қилмай камолга етказиш гаровига айланди. Аммо бу ҳо­лат узоққа чўзилмади.

Кутилмаганда, ота бўл­миш Расул Отажонов ўғ­лини йўқлаб, собиқ қайнота ва қайнонасининг уйига келди. Бобо ва бувидан фарзандини ўз ихтиёрига беришни сўради. Бироқ бу талаби рад этилгач, у судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Суд муҳокамаси жараёнида эса, ота сифатида болани тарбиялашда устувор ҳуқуққа эга эканини таъкидлади.

Нодира опа ҳам собиқ куёвининг важлари олдида довдираб қолмади, аксинча, Асадбек туғилганидан буён бирон марта ҳам хабар олмагани, ҳатто бола уни танимаслиги, бунинг устига моддий жиҳатдан ҳам қўл­лаб-қувватламагани, алимент пулини мунтазам тўламаганини баён этди.

Набирасининг униб-ўси­ши учун оиласида барча шарт-ша­роит­ муҳайё этилганини таъкидлаб, пировардида набирасини ўз қа­рамоғида қолдиришни сўради.

Суд масалани тегишли му­тахассис ва мутасаддиларнинг хулосаларига суянган ҳолда атрофлича муҳокама қилди. Бола мурғаклигидан фақат бобо ва бувиси қарамоғида тарбияланаётгани, уларга ўрганиб қолгани, ота бўлмиш шахсни мутлақо танимаслиги, бундай ва­зият­да уни бобо ва буви қарамоғидан ажратиш салбий оқибатларга олиб келиши, руҳиятига ёмон таъсир қи­лишини эътиборга олди.

Олий суд Пленумининг «Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори талабларига қатъий риоя қил­ди. Ушбу қарор талабига кўра, суд болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни ҳал қи­лишда вояга етмаганларнинг хоҳиш ва манфаатига мос келадиган мазмунда ҳал қилув қарори чиқариши зарур. Суд масалани ана шу тахлитда ҳал қилар экан,болани у кўз очиб кўрган хонадон, ўзи таниган-билган, меҳр-оқибат улашган инсонлар қарамоғида қолдириш ҳақидаги хулосага келди. Зеро, боланинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқларини ишончли тарзда ҳи­моя қилишнинг энг мақбул ва афзал чораси ҳам — шу.

Суд бу ҳолатларни назарда тутган ҳолда ҳали вояга етмаган Асад Отажоновни васий қилиб белгиланган Н. Каримова, шунингдек, бобоси Ш. Раҳимовнинг тар­бия­сида қолдиришни мақсадга мувофиқ, деб топди. Ота — Р. Отажоновга ўз фарзанди билан ҳафтанинг муайян кунларида ҳеч қандай монеликсиз учрашиб туришни сўраб, судга мурожаат қилиши ҳуқуқи борлиги тушунтирилди.

Албатта, суд томонидан боланинг манфаат ва ҳуқуқ­лари ҳимоя қилингани қувонарли ҳол. Аммо шуни унутмаслик керакки, фарзанд тарбия­сида ота-она меҳри, оилавий муҳит ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Демак, бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, оилавий ҳаётга қадам қўяётган ҳар бир йигит-қиз оила масъулиятини, фарзанд тақдирини чуқур ҳис этиши лозим.

Мавсума Йўлдошева,

Хоразм вилояти

суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: