СУДГА МУРОЖААТ ЭТИШ ТАРТИБИ БОРАСИДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ ЗАРУР?

Айтиш керакки, Конститу­ция­мизда ҳар бир шахсга ўз ҳу­қуқ­лари, эркинликлари ва қо­нуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқу­қи ка­фолатланган. Бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқ­ни ҳам­да қонун билан қўриқланадиган манфаатни ҳимоя қи­лиш учун судга мурожаат қи­лишга бўл­ган ҳуқуқ — кенг кўламли, ҳақи­қий демократик, конституциявий ҳуқуқ бўлиб, унда одил судлов эшиги ҳар бир инсон учун очиқлиги мужассамлашган.

Фуқаролар ва юридик шахс­лар муайян ҳолатларда ўзларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қи­лиш учун судга мурожаат қи­лиши мумкин. Чунки ҳаётда алимент мажбуриятларини бажармаслик, зарар етказганлик, шартнома мажбуриятларини бузиш билан боғлиқ фуқаролик, оила, меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлар бузилиши ҳо­латлари учраб туради.

Бундай ҳолларда суд тизимининг асосий бўғини бўл­миш фуқаролик ишлари бў­йича туманлараро судларга мурожаат қилишга тўғри келади.

Фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш ҳам­да судда фуқаролик суд ишларини юритиш билан боғлиқ жараён Фуқаролик процессуал кодекси билан тартибга солинади.

Қонунда судга мурожаат қи­лиш шаклига нисбатан қатьий талаблар белгиланган. Мурожаат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича даъво аризаси шаклида, буйруқ тартибида кўриладиган ишлар бў­йича ва алоҳида тартибда юритиладиган ишлар, шу­нинг­дек, процессуал қонунда назарда тутилган бош­қа ҳолларда эса, ариза шаклида берилиши талаб қилинади.

Ушбу кодекснинг 2-моддасида қайд этилганидек, фуқаролик суд ишларини юритиш ва­зифаси фуқароларнинг ҳу­қуқ­лари, эркинликлари ва қо­ну­ний манфаатларини, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳуқуқлари ҳам­да қонуний манфаатларини ҳимоя қи­лиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлашга кўмаклашишдан иборат.

Бундай вазифаларни амалга ошириш учун суд фуқаролик ишларини тўғри ҳамда ўз вақтида кўриб чиқиши лозим. Бу ўз навбатида, муайян процессуал мақсадни бажаришга қа­ра­тил­ган бир неча бос­қични ўз ичига олади.

Фуқаролик процессида даст­­лабки ва жуда муҳим бос­қич — фуқаролик ишини қўз­ғатиш босқичи ҳисобланади. Бу бос­қичда ўн кун ичида судья якка тартибда учта масалани, яъни аризани иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши зарур.

Бунинг учун судья аризачи томонидан Фуқаролик процессуал ко­декс­ининг 189-191-моддалари талабларига риоя қи­лингани ёки қи­лин­маганини синчиклаб текширади. Айниқса, аризанинг мазмунига нисбатан, шу жумладан, даъвогар ва жа­воб­гарнинг шахсига оид маълумотлар, даъво талабининг нимадан иборат эканлиги, даъвога асос сифатида келтирилаётган ҳолатлар ва бу ҳолатларни тасдиқловчи далиллар аризада аниқ кўр­сатилиши шартлиги тўғ­ри­си­даги қонунда белгиланган талаблар бажарилганлиги му­ҳим ҳисобланади.

Эътибор қаратиш шарт бўл­ган яна бир жиҳат — ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарларнинг сонига мутаносиб равишда тақдим этилганини, шунингдек, давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганини текширишдир.

Мазкур текширишлар натижасига кўра, судья ариза қо­нунда назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда берилган деб топса, уни иш юритишга қа­бул қилиш ва фуқаролик ишини қўзғатиш, акс ҳол­да, аризани иш юритишга қа­бул қилишни рад этиш ёки ари­зани қайтариш тўғ­рисида ажрим чиқаради.

Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: қайси ҳолларда судья аризани иш юритишга қабул қи­лишни рад этади? Бу саволга Фуқаролик процессуал кодекснинг 194-моддасида аниқ жавоб топиш мумкин. Яъни агар:

– арз қилинаётган талаб судга тааллуқли бўлмаса;

– фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки маъмурий суднинг ёхуд чет давлат ваколатли судининг ай­ни бир тарафлар ўртасида, ай­­ни бир предмет тўғ­рисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қи­лув қарори ёки даъвогарнинг даъво талабларидан воз кечгани ёки тарафлар келишув битими тузилгани сабабли ишни ту­гатиш тўғ­рисидаги ажрими мавжуд бўлса;

– фуқаролик ишлари бўйича суднинг, ҳакамлик судининг иш юритишида айни бир тарафлар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича ни­зо юзасидан иш мавжуд бўлса;

– айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғ­риси­да ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик судининг қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қи­лув қа­рори бўл­са, бундан фуқаролик ишлар бўйича суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этган ҳоллар мустасно;

– айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғ­ри­си­да ва айни бир асослар бўйича ни­зо юзасидан ҳакамлик муҳокамасини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим бўлса, судья аризани иш юритишга қабул қи­лишни рад этади.

Энди ариза қачон қайтарилади, деган масалага тўхталамиз. Агар Фуқаролик процессуал кодексининг 195-моддасига мувофиқ:

– ариза муомалага лаё­қатсиз шахс томонидан берилган бўлса;

– манфаатдор шахс номидан ариза иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;

– иш мазкур суднинг судловига тегишли бўл­маса;

– ариза Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда берилган бўлса;

– битта аризада бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўза­ро боғлиқ бўлмаган бир неч­та талаб бирлаштирилган бўлса;

– аризани суднинг иш юритишига қабул қилиш ва ишни қўз­ғатиш тўғ­рисида ажрим чиқарилгунига қадар аризачидан аризани қайтариш ҳақида ариза келиб тушса;

– ариза бўйича давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тў­лан­ганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этилмаган ёки уларни тў­лашни кечиктириш ҳақи­да илтимоснома берилмаган ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;

– мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ариза қонунда белгиланган муддатдан олдин ёки мол-мулкни (ашёни) аниқлаш ва ҳисобга олиш юзасидан қо­нунда назарда тутилган тартиб бузиб берилган бўлса;

– даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, бундай ҳолларда ариза қайтарилади.

Аризани иш юритишга қа­бул қилишни рад этиш ва аризани қайтариш тўғрисидаги ажримлардан келиб чиқадиган ҳуқу­қий оқибатлар турличадир.

Биринчи аж­­рим судга шу масалада қайта мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этса, иккинчи ажримда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс судга умумий тартибда такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.­

Қонун мазмунига кўра, ҳар ик­ки ҳолатда ҳам судья­ чиқарган ажрим юзасидан умумий тартибда хусусий шикоят­ қилиниши, протест келтирилиши мумкин.

Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, қонунчиликда судга мурожаат қилиш тартибининг аниқ белгилаб қўйилгани суд фаолия­тига қулайлик яратиши баробарида мурожаатчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли таъминлашга хизмат қилади.

Нилуфар Акбарова,

Тошкент вилояти суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: