ЎРГАНГАН КЎНГИЛ…

Халқимиз «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас», дея бежизга айтмаган. Бунинг ҳаётдаги ифодаси ўтган йили Урганч шаҳрида ҳам кузатилди.

1973 йил Урганч шаҳрида туғилган ва айни пайтда икки нафар фарзанднинг она бўл­миш Салима Жуманиёзованинг умри машъум жиноий қил­мишлар кўчаси — аросат ва қабоҳат домида ўт­моқда. Кейинги салкам 20 йил мобайнида у содир этган жи­ноят­лари учун беш марта жиноий жавоб­гарликка тортилди. Она аталмиш мўътабар хилқатнинг жиноятчи сифатида намоён бўлиши чиндан ҳам, кўрган, эшитганга эриш туюлади.

Бироқ ҳаётда баъзан ўз қадрини билмаган, аёллик шаънини ерга урган аёллар ҳам учраб туради.

С. Жуманиёзова такрор-такрор содир этган жирканч қилмиш ахлоқий тубанлик мевасидир.

Дастлаб у жиноий қилмиши учун 2003 йили Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 2-қисми «б» банди бў­йи­­ча жавобгарликка тортилди ва 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қи­линди.

Орадан кўп ўтмади. 2006 йилнинг июнь ойида яна жиноий жавобгарликка тортилди. Бу гал ҳам айнан шу модда — такрорий «қўшмачилик» қилмиши.

Судланувчи 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Аммо орадан кўп ўтмай унга нисбатан бағрикенглик тамойили қўлланилди.

Яъни Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) га мувофиқ тайинланган жа­зо икки йиллик шартли тарбиявий чо­рага алмаштирилди.

Албатта, бу унга қилмишидан оқилона хулоса чиқариб, ҳаётда тўғри йўлни топиб олиши учун берилган имконият эди. Би­роқ у ўз билганидан қолмади ва 2007 йил тағин жиноят содир этди. Бу сафар Жиноят кодексининг ашаддий безориликни ифодаловчи 277-моддаси (безорилик) 2-қисми ва бир неча ҳукмни назарда тутувчи 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) бў­йича жавобгарликка тортилди. Тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Таассуфки, маҳкуманинг ахлоқан тузалиши, ҳалол ва покдомон элдошлар сафидан жой олиши учун бу чора ҳам кифоя қилмади. Орадан атиги 4,5 ой вақт ўтиб-ўтмай у осуда ҳаёт, ҳа­лол ва фойдали меҳнатга қўл силтаб, ўзини тағин жиноят оламига урди. Эски ҳунарини ишга солди. Машъум қилмиш бу гал ҳам оқибатсиз кетмади.

Муқаррар жазога етаклади. Жиноят кодекс­нинг фаҳш, қўш­мачилик ҳамда одам савдосига тааллуқли моддаларига биноан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. 2010 йил апрель ойида суднинг ажримига мувофиқ тайинланган жазодан муддатидан олдин озод қилинди.

…Қалбини моғор босган кимсалар жиноий қилмишни касбга айлантиришдан тап тортишмайди. С. Жуманиёзова ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Одам савдосига оид галдаги қил­миш шу аснода содир бўлди ва яна муқаррар жазога етаклади. 2018 йилнинг 27 июлида чиқарилган суд ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 2-қисми “а”, “е”, “з”, “и” банд­ларига кўра, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. 2020 йилнинг 27 февралида чиқарилган суд ажримига биноан шартли равишда бу жазодан ҳам озод қилинди. Таассуфки, у гарданида судланганлик ҳолати турганини бу гал ҳам хаёлига келтирмади ва яна жиноий қилмишга қўл урди.

Бу воқеа 2021 йилда рўй берди. Қўшмачи аёлга қўнғироқ қилиб, ўзи­ни ҳазо­расп­лик «Бунёд» дея таништирган номаълум шахс бир кечалик айш-ишрат учун ўзи ва яна икки шеригига «меҳмоннавозлик» қилишни сўради.

Ўтган 20 йиллик жиноий фао­лияти мобайнида бу янглиғ тубан юмушларни кўп уддалаган куйи ўз «касби»нинг устаси фа­рангига айланган С. Жуманиёзова шу топда ўз жирканч қилмишининг оқибати ва бошига ёғилажак галдаги аччиқ кулфатнинг совуқ важоҳатини эмас, балки чўнтагига оқиб келгувчи жарақ-жарақ пулнинг салмоғини чамалади.

Савдо пишди. С. Жуманиёзова ҳа­зорасплик йигитларга «хизмат кўрсатувчи» қизлар хусусида гапира туриб, улар билан бўладиган учрашувнинг вақти ва манзилини белгилади. «Меҳмон-у мезбонлар» келишилганидек, белгиланган манзил — Урганч шаҳрининг «Истиқлол» маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг бирида учрашишди. Ҳожатбарор аёл тарки одатни амри маҳол билди ва ҳар галгидек «хизмат» ҳақини олдиндан ундиришни хаёлдан фаромуш этмади. Ўз жирканч амалидан на тап тортди, на ор қилди, келишилган 2 миллион 400 минг сўм миқдордаги пул шу ондаёқ унинг чўнтагидан жой олди.

Ора очиқ. Пул чўнтакда. С. Жуманиёзова кетишга чоғланди, кўчага чиқиб, ўзига тегишли автомашина томон юрди. Бироқ уловни ўрнидан жилдиришга улгурмади. Инсоний тубанликка муккасидан кетган аёлнинг шубҳали қадамлари-ю, ножоиз хатти-ҳаракатини зимдан кузатаётган тегишли идора ходимлари унинг йўлини кесиб чиқишди.

…Мўлжалдаги ишларнинг бари мисоли хамирдан қил суғургандай, силлиққина кетаётган бир паллада рўй берган бу воқеа кутилмаган ҳол бўлди. Аллақачон ахлоқий тубанлик домига қулаган аёл бунисини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди. Хуллас, қилмишнинг чуви чиқди. Тергов тадбирлари жараёнида қабиҳ жиноий ҳодиса рўй бергани ва у қўшмачиликни касб қилган С. Жуманиёзова томонидан содир этилгани тўлиқ ўз исботини топди. Жиноий қилмиш мана-ман, деб турса, уни инкор этишнинг иложи йўқ. Шу боис судланувчи мум тишламади: аксинча, бу гал ҳам тавба-тазарруни ўринлатди, айбига тў­лиқ иқрорлик билдирди, пушаймонлигини изҳор қилди, қабиҳ қилмишини хаспўшлаш учун турли хил баҳоналарни ўйлаб топди.

Таассуфки, булар қилмишни ҳуқу­қий жиҳатдан тўғри, аниқ ва адолатли баҳолаш учун етарлича асос бў­лолмайди. Суд амалдаги қонунчилик таомилига кўра, томонлар, жумладан, айбловчи ва айбланувчининг далил-дастаклари эмас, балки бевосита суд жараёнида аниқланган ва тўлиқ исботини топган ҳолатларни инобатга олади. Бу каби вазиятларда кимдир ҳақ, яна кимлардир ноҳақ бўлиб чиқиши кундай равшан. Факт ва далиллар эса, ўжар бўлади. Судга тақдим этилган ва ишни кўриб чиқиш асносида аниқланган далил-исботларнинг бари Жиноят кодексининг фоҳишахона сақлаш, қўшмачилик қилишга доир оғир ва асоратли қилмишни назарда тутувчи 131-моддаси 4-қисми «б» бандида ифодасини топган жиноий қилмиш юз бергани ва бу машъум қилмишнинг бошида такрор-такрор судланаса-да, тавбасига таянмаган С. Жуманиёзова турганини тўлиқ исботлади. Тергов органи тарафидан қўйилган айб эътироф қи­линди.

Айни пайтда судланувчи тарафидан содир қилинган жиноий қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, айбланувчининг айбига тўлиқ иқ­рорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги, икки нафар фарзанди борлиги, уларни ёлғиз ўзи тарбиялаётгани, касалликка чалингани, маҳалласи фуқаролар йиғини уни ўз кафиллигига олиб, судга расман мурожаат қилгани тайинланажак жазони енгиллаштириш омили сифатида эътироф қилинди.

Бироқ қилмишдан кўз юммаслик, уни қаттиқ қоралашни тақозо этувчи бошқа жиҳат ҳам бор. Қолаверса, шарм-ҳаё, иймон-эътиқод, инсон шаъни ва ғурурини ҳар нарсадан устун билгувчи юртдошларимизнинг хоҳиш-иродасини, қонунчилигимизнинг адолат ва холисликни тақозо этгувчи талабларини ҳам бажо келтирмоқ даркор. Бу дунёда инсоний тубанлик, хусусан, қўшмачилик сингари иллатлардан ҳамма ҳазар қилади, бунга ғазаб ва нафрат назари билан қа­райди. Шу пайт­гача аёл боши билан беш марта оғир оқибатли жиноий кирдикорларга қўл урган, ҳаётини зулмат ва аросат домида ўтказаётган бандани ким ҳам ўзига эл санайди?!

Суд бу ҳолатларни эътибордан соқит қилмади. Ҳаётининг энг тотли онларини зулмат ва аросатда ўтказиб, ўз қилмишларининг ажрини тортган, бироқ то ҳануз тавбасига таянмаган, шу боис кўпчилик нафратига дучор бўлган қўшмачи аёлни озодликдан мосуво этмаган ҳолда тарбиялаш имкони йўқ, деган хулосага келди. Бунинг устига айбланувчининг гарданида 2018 йили жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар суди томонидан та­йинланган жазонинг ўталмаган салкам 1 ярим йил муддати ҳам турибди.

Суд ана шу ҳолатларни инобатга олган ҳолда ҳукм чиқарди. Зикр этилган ҳолатларга кўра, айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг енгилроқ жазо та­йинлашни тақозо этувчи 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни тадбиқ этиш мақсадга мувофиқ деб топилди ва кодекснинг 131-моддаси 4-қисми «б» бандига биноан 3 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноий қилмиш бу гал ҳам муқаррар жазо билан якун топди.

Муродбек Ҳасанов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: