ЖИНОЯТ ИШИНИ ЮРИТИШ ЖАРАЁНИДА ВОЯГА ЕТМАГАНЛАРНИНГ ҲИМОЯСИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУРИЯТИ

Аввало шуни айтиш керакки, Конституциямизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида экани, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фао­лиятларни рағ­батлантириши, фарзандлар ота-оналарининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича зарур ҳуқуқий асосларни яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 1992 йил 9 декабр­да БМТнинг Бола ҳу­қуқлари тўғрисидаги конвенцияси ра­тификация қилинди.

Ушбу Конвенциянинг асосий қоидалари кейинчалик Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик, Оила, Меҳнат кодекслари ва бошқа бир қатор қонунларда ўз ифодасини топди.

Бундан ташқари 2008 йил 7 январда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу, ўз навбатида, давлатимизнинг айни йўналишдаги сиёсатини янги босқичга кў­тарди.

Маълумки, жиноят процессида вояга етмаганларнинг асосан уч тоифаси иштирок этади: биринчиси — жиноят содир қилган вояга етмаган шахс, иккинчиси — жиноятдан жабрланган вояга етмаган шахс, учинчиси — жиноят ишида гувоҳ сифатида иштирок этаётган вояга етмаган шахс.

Жиноят қонунчилигида шу тоифаларга кирувчи вояга етмаган шахсларга нисбатан бир қатор инсонпарварлик тамо­йиллари белгиланган. Ай­ни тамойиллар сўнгги йилларда янада такомиллаштирилди. Жумладан, 2019 йил 6 декабрь ва 2021 йил 7 декабрда қабул қилинган қонунларга мувофиқ, жиноят қонунчилигига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Яъни илгари ишда вояга етмаган шахснинг қонуний вакили сифатида ота-оналар, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар, ҳомийлик қилувчи муассасалар ва ташкилотларнинг вакиллари қатнашишлари мумкин бўлган.

Эндиликда эса, вояга етмаганнинг илтимосига кўра, ишда юқорида кўрсатилган шахслар билан бир қаторда, унинг катта ёшдаги яқин қариндошларидан бири ёки ўзи ишонадиган бошқа шахс қонуний вакил сифатида иштирок этишига йўл қўйилади.

Илгари ўн олти ёшгача бўл­ган гувоҳ ёки жабрланувчини сўроқ қилишда қонуний вакил ёки катта ёшдаги яқин қариндош, педагог ёки жабрланувчининг вакили иштирок этиши мумкин эди.

Эндиликда сўроқ қилинувчи вояга етмаган шахснинг ёши ўн олтидан ўн саккизга қадар узайтирилди. Сўроқ жараёнида юқорида кўрсатилган шахсларнинг илтимосига биноан ёхуд сўроқ қилувчи, яъни суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судьянинг ташаббусига кўра, психологнинг ҳам иштироки таъминланиши белгиланди.

Илгари вояга етмаган гумон қилинувчи ва айбланувчини сўроқ қилишда фақатгина ҳи­моячининг иштироки шарт бў­либ, ушбу жараёнда қонуний вакилнинг иштирок этиши учун терговчининг рухсати талаб қилинар эди.

Эндиликда эса, вояга етмаганни сўроқ қилишда ҳимоячи билан бир қаторда, қонуний вакилнинг ҳам иштироки шарт­­­лиги белгилаб қўйилди. Бу борада терговчининг рухсатини олиш тартиби бекор қилинди.

Энг муҳим ўзгаришлардан яна бири шуки, жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган ёш чегараси бирмунча узайтирилди. Илгари жиноят содир этгунга қадар ўн уч ёшга тўлган шахслар жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганликлари учунгина жавобгарликка тортиларди. Эндиликда бундай ёш чегараси ўн тўрт ёш қилиб белгиланди.

Шу ўринда 2021 йил 3 июнда Вазирлар Маҳкамасининг «Вояга етмаган шахсларга жамоат тарбиячиларини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қа­рори қабул қи­линганини ало­­ҳида қайд этиш лозим. Бунинг натижасида шартли ҳукм қилинган ёки озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо белгиланган вояга етмаган шахс­га нисбатан тайинланадиган жамоат тарбиячисининг фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий асос яратилди.

Албатта, жиноят ишларини юритиш, жазо тайинлаш, жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш каби масалаларда вояга етмаганларга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган енгиллик ва имтиёзлар судлар томонидан амалиётда кенг қўлланмоқда.

Хусусан, 2021 йилда Тошкент вилояти, туман (шаҳар) судлари томонидан 187 нафар вояга етмаган шахсга нисбатан жиноят­ ишлари кўрилган.

Шундан 91 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўл­маган жазолар тайинланган.

Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўл­маган жазолар тайинланган вояга етмаган шахсларнинг 20,8 фоизи тарафлар ярашгани муносабати билан жавобгарликдан озод қилинган.

Яна 10,1 фоизи шартли ҳукм қилинган, 2,1 фоизи жавобгарликдан озод қилинган ҳолда, уларга мажбурлов чоралари қўлланилган. 5,8 фоизи эса, суд залидан қамоқдан озод қилинган.

Бу кўрсаткичлар ва ишлари кўрилган 187 нафар вояга етмаган шахснинг атиги 9,6 фоизига озодликдан маҳрум қи­лиш жазоси тайинлангани, шубҳасиз, уларга нисбатан алоҳида инсонпарварлик муносабати кўрсатилганини яққол тасдиқлайди.

Шу билан бирга, амалдаги қонунчиликда вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини янада такомиллаштириш борасида ўз ечимини кутиб турган бир қатор долзарб масалалар ҳам борлигини қайд этиш жоиз.

Хусусан, вояга етмаган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчиларнинг ҳуқуқларига оид қуйидаги масалаларни ижобий ҳал қилиш, яъни:

– вояга етмаган шахсга нисбатан жиноятга тайёргарлик кўр­ганлик ҳамда жиноят содир этишга суиқасд қилганлик учун тайинланадиган жазонинг муддати ёки миқдори Жи­ноят­ кодексининг Махсус қисми тегишли моддасида назарда тутилган энг кўп жазонинг учдан икки қисмидан ошмаслигини белгилаш;

– жавобгарликка тортиш ёки жазони ижро этиш муддатларининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жавобгарликдан ёки жазодан озод қи­лиш, судланганлик ҳолатининг тугалланиши каби масалаларда вояга етмаган шахс­ларга нисбатан алоҳида қисқартирилган муддатларни белгилаш;

– вояга етмаган шахсни мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш мумкин бўл­ган жиноятлар доирасини янада кенгайтириш;

– ахлоқ тузатиш ишлари жа­зосига ҳукм қилинган вояга етмаган шахснинг иш ҳа­қидан давлат даромади ҳисобига уш­лаб қолинадиган ушланма миқдорини ойлик иш ҳақи­нинг ўн фоизи қилиб, камайтирган ҳолда белгилаш;

– вояга етмаган шахсни ушлаб туриш, унга нисбатан қа­моққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўл­лаш, вояга етмаган шахсни қамоқда ёки уй қамоғида сақлаб туриш муддати ва уни узайтириш борасида алоҳида қисқартирилган муддатларни жорий этиш;

– вояга етмаган гумон қилинувчини, айбланувчини сўроқ қилишнинг умумий давомийлигини кун давомида олти соатдан тўрт соатга қадар қисқартириш мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, процессуал қонунчиликдаги вояга етмаган гувоҳ ва жабрланувчига оид нормаларни:

биринчидан, вояга етмаган гувоҳнинг қонуний вакили тушунчасини, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;

иккинчидан, вояга етмаган жабрланувчига давлат ҳисобидан ҳимоячи хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш;

учинчидан, вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш чораларини янада такомиллаштириш таклиф этилади.

Бундан ташқари вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳ иштирокида кўрсатмаларни ҳодиса жойида текшириш, экс­перимент, экспертиза текшируви учун намуналар олиш, гувоҳлантириш каби процессуал ҳаракатларни ўтказишда алоҳида эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур. Бу борада хато ва камчиликларга йўл қў­йиш вояга етмаганларнинг руҳиятида салбий ўзгаришлар пайдо бўлишига, хусусан, воя­га етмаган жабрланувчининг қайта виктимизацияга учрашига сабаб бўлиши мумкин.

Шу боис миллий қонунчиликда вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳ иштирокидаги ишларни тергов қилиш ёки судда кўриб чиқиш махсус курсларда тайёргарликдан ўтган, махсус билим ва кўникмаларга эга терговчи ёки судья­ томонидан амалга оширилиши белгиланса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Вояга етмаган жабрланувчи ва гувоҳ иштирокидаги ишларни биринчи навбатда ҳам­да қисқа муддатда тергов қи­лиш ёки судда кўриб чиқиш лозимлигини ҳам назарда тутиш керак бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, шу каби муаммоларга ечим топиш ва бу борада кун тартибида турган долзарб масалаларни ҳал қилиш келгусида вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Дилшод Тожибоев,

Тошкент вилояти

суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: