СУД ҲУЖЖАТИНИ ҚАЛБАКИЛАШТИРГАН ФУҚАРО ФОШ ЭТИЛДИ

Бугун ахборот технологиялари ҳаётимизга шиддат билан кириб келди. Афсуски, барча ҳам ундан эзгу мақсад йўлида фойдаланмаётгани ҳам бор гап.

Қува туманилик Шерали Турғунов ўз ишига жуда “уддабурон” экан. У компьютер орқали расмий ҳужжатларни қалбакилаштириб, яхшигина даромадга эга бўлмоқчи бўлди.

Ш. Турғунов фирибгарликни касб қилиб олган бўлиб, кўплаб одамларни чув туширган. Тўғри йўлда юриб, рўзғор тебратиш ўрнига доимо осонгина мўмай даромад топишни афзал билди. Бу сафар фуқаро Х. Казаковни “қармоққа” илинтирди.

Жорий йилнинг июнь ойида Х. Казаковнинг “Matiz” русумли автомашинаси жарима майдончасида эканлигидан хабар топди-ю, эски ҳунарини ишга солди. Дарҳол унинг ишончига кириб, машинасини жарима майдончасидан олиб чиқиб беришни ва бунинг эвазига 1 миллион 500 минг сўм жарима пули тўлаши кераклигини айтди. Ундан дастлаб 100 АҚШ доллари кейин эса, 600 минг сўм пулларни санаб олгач, ишга киришди.

Қува тумани ИИБнинг жарима майдончаси ҳисобланган “Иззат Икром нурли келажак” масъулияти чекланган жамияти қоровулхонасида бўлган автомашинани эгасига қайтариш ҳақидаги рухсатномани қоровулдан олди-да, мазкур ҳужжатни туман марказида жойлашган компьютер хизматлари кўрсатиш шохобчасига олиб борди. Ўша ерда фаолият кўрсатаётган нотаниш йигитга мазкур ҳужжатнинг ёзувларини ўчириб беришини илтимос қилди.

Иш осонгина ҳал бўлиб, ёзувлар ўчиртирилгач, ҳужжатдаги Қува тумани маъмурий суди раиси А. Жумаевнинг имзоси ва суднинг тўртбурчак муҳри туширилган ҳужжатни рангли принтер ёрдамида алоҳида қоғозга чиқартириб олди. Бу ҳам етмаганидек, ҳужжатга ручка ёрдамида керакли ёзувларни киритиб, суд раисининг имзосини устидан ручка ёрдамида бўяб-чизиб, Қува тумани маъмурий судининг автомашинани қонуний эгасига қайтариш тўғрисидаги рухсатнома ҳужжатини сохталаштириб қўйди.

Мазкур ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, “Иззат Икром нурли келажак” масъулияти чекланган жамияти қоровули С. Мирзаматовга тақдим қилиб, Х. Казаковнинг “Matiz” русумли, автомашинасини жарима майдончасидан олиб чиқиб кетди. Автомашинани Х. Казаковга бериб, фирибгарлик йўли билан олган пулларни эса бемалол ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборди. Бу фирибгарлик тезда фош бўлиб қолди.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган судга оид хатшунослик ҳамда ҳужжатларнинг техник-криминалистик экспертизасининг хулосасига кўра, ҳужжатлар сохталаштирилганлиги ўз тасдиғини топди.

Жиноят ишлари бўйича Қува туман судининг ҳукми билан Шерали Турғунов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 228-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилди ва унга тегишли жазо тайинланди.

ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: