СЕҲР-ЖОДУ ҚУРБОНЛАРИ ЁХУД МАЪНАВИЙ ОҚСОҚЛИК КАСРИ

Ўтган йили Пастдарғом тумани “Эсабой” маҳалласида мудҳиш қотиллик рўй берди. Ушбу маҳаллада яшовчи фолбин аёл ва унинг қизи ўлдириб кетилди. Марҳума Гулсум Асророва ва қизи Сарвиноз Келдибекова (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўткир тиғли жисм зарбасидан олган жароҳатлари туфайли ҳаётдан кўз юмган эди.

Албатта, ушбу қотиллик бўйича зудлик билан тезкор гуруҳ тузилиб, суриштирув ишлари бошлаб юборилди. Дастлаб қурбон бўлганлар ҳақида маълумотлар тўпланди, уларнинг шахси, касб-корига ойдинлик киритилди.

Бироқ калаванинг учини топиш осон кечмади.

Шундай кунларнинг бирида кутилмаганда “фолбин билан қизини ўлдириб кетган жиноятчилар топилибди”, деган хабар тарқалди. Аслида бу изқуварлар томонидан жиноятни очиш мақсадида атай ўйлаб топилган ҳийла эди. Чунки Г. Асророва ва С. Келдибековага тегишли қўл телефонлари ҳам босқинчилик йўли билан олиб кетилган бўлиб, улар ёрдамида жиноятни очиш эҳтимоли кўзда тутилганди.

Режалаштирилган ҳийла иш бериб, орадан ўттиз саккиз кун ўтгач, қўшни маҳаллада яшовчи Норқўзи Бердиев марҳума С. Келдибековага тегишли телефон аппаратидан фойдаланаётгани аниқланди. Шундан сўнг калаванинг учи топилди.

Маълум бўлишича, 2021 йилнинг июнь ойида уйланган Н. Бердиевнинг хотини ҳомиладор бўлавермагач, эр-хотин ўртасига совуқчилик тушади.

– “Эсабой” маҳалласида бир фолбин аёл бор эмиш, – дейди бир куни Н. Бердиев хотинига, – уйига бориб, фол очириб кел.

Шунда хотини фолбин аёлни яхши танишини, у узоқ қариндош эканини айтиб, боришни рад этади. Табиийки, бундан жаҳли чиққан Н. Бердиевнинг ўзи Г. Асророванинг яшаш уйига бориб, кейинги вақтда бошидан ўтаётган ҳодисаларнинг барчасини оқизмай-томизмай сўзлаб беради ва ундан ёрдам сўрайди.

Нотинч оиланинг азият чекаётгани сабабларидан воқиф бўлган айёр фолбин аёл “яқин қариндошларингиздан бири дуо қилдирган”, дея фол очади. Сўнгра қандайдир дуоларни ўқиб, бир идишга махсус “дам” солинган сув тайёрлаб беради. Уни уйга сепса, хотини ҳомиладор бўлишини айтади.

– Лекин дуони қайтарма қилмаса, балодан қутулмайсиз, – дейди у ваҳима қилиб. – Бунинг учун менга 200 АҚШ доллари беришингиз керак.

Н. Бердиев фолбиннинг гапларини хотинига етказганида у ҳам бунга ишонади. Устига устак, орадан кўп вақт ўтмай, у ҳомиладор бўлади. Бу эр-хотиннинг фолбин хотинга бўлган ишончи янада оширади. Н. Бердиев фолбин аёлга хушхабарни айтиб, айни пайтда пули йўқлиги, тез орада олиб келиб беришга ваъда беради. Аммо фолбин аёл бунга эътироз билдиради ва “хизмати” учун яна 500 АҚШ долларини талаб қилади. Агар пулни олиб келмаса, эр-хотин ва гумонанинг ҳаётига хавф туғдиришини билдиради. Ноилож қолган Н. Бердиев таниш-билишларидан қарз сўрайди. Аммо пул тополмасдан яна фолбин аёлнинг олдига бош эгиб боришга мажбур бўлади.

– Пулингиз бор-йўқлиги билан ишим йўқ, – дея жавоб қилади Г. Асророва, – Қачон 700 АҚШ долларини топиб келсангиз, ҳаммаси изга тушади. Акс ҳолда ҳаммаларинга қийин бўлади…

Бу гапни эшитгач, Н. Бердиев бутунлай эс-ҳушини йўқотади. Бир неча кун ўзига келолмай юради. Бироқ 700 АҚШ долларини топишнинг иложини қилолмайди. Шунда Н. Бердиевнинг кўнглида ёвуз ният пайдо бўлади: “Гулсум фолбинни ўлдиришим керак, акс ҳолда у бизни ўлдиради”.

Эртаси куни Н. Бердиев ана шу ғаразли ниятини амалга ошириш мақсадида тунда юзига ниқоб, қўлига қўлқоп кийиб, ўткир болта ва ошхона пичоғини олиб, Г. Асророванинг уйига йўл олади. Девордан ошиб, ҳовли ичига кирган чоғида ҳали ухламаган Г. Асророва “Кимсан?” – дея сўроққа тутади. Шу пайт кучли ҳаяжон ва талвасадаги Н. Бердиев қўлидаги болта билан аёлнинг юз-бўйин соҳасига бир неча марта зарб билан уради.

Шовқинни эшитиб, қўшни хонада ухлаб ётган Г. Асророванинг қизи Сарвиноз чиқиб келади. Буткул ваҳшийлашган Н. Бердиев унга ҳам болта билан зарба беради…

Н. Бердиев она-боланинг жон таслим қилганига амин бўлгач, уларнинг телефон аппаратларини олиб, воқеа жойидан ғойиб бўлади. Кейин уйига келгач, телефон аппаратларини оғилхона шифтига яшириб қўяди, болта билан пичоқни эса, ювиб ташлайди. Қон доғлари теккан кийимлар, ниқоб ва қўлқопни тандирда ёқиб юборади.

Айтиш керакки, Н. Бердиевга нисбатан очилган жиноят ишини судда муҳокама қилиш жараёнида психолог экспертнинг хулосаси ҳам тингланди. Эксперт хулосасида Н. Бердиев ўта ҳиссиётга берилувчан, дунёқараши тор ва саёз фикрловчи кимса экани қайд этилган. Унинг тасаввурида Г. Асророва ғайриоддий кучга эга шахс сифатида гавдаланган. Марҳума Г. Асророванинг 700 АҚШ долларини олиб келмаса, эр-хотин ва туғилажак фарзанди ҳаётига хавф туғдириши ҳақидаги гаплари унга қаттиқ салбий таъсир қилган. Бу эса, ўз навбатида, Н. Бердиевнинг руҳий ҳолатида салбий ўзгаришларни юзага келтирган.

Судланувчи Н. Бердиевнинг ғайриоддий кучлар мавжудлигига қаттиқ ишониб қолганини у фойдаланган телефон аппарати ҳам тасдиқлади.

Чунки унинг телефони хотирасидан турли сеҳр-жоду амалларини бажариш, улардан ҳимояланишга бағишланган, инсон онгига кучли салбий таъсир этувчи видео лавҳалар топилди.

Аммо судга оид психатрия экспертизаси хулосасида Н. Бердиев сурункали руҳий касаллик билан касалланмагани, ўзининг ҳаракатларига жавоб бера оладиган ва бошқара оладиган ҳолатда бўлгани, ҳозирги вақтда руҳий ҳолати бўйича тергов ва суд жараётларида қатнаша олиши, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўллашга муҳтож эмаслиги баён этилган.

Қолаверса, унинг уйида ўтказилган тинтув жараёнида топилган ошхона пичоғи, болта, марҳумаларга тегишли уяли телефон аппаратлари, қон юққан пайпоқ ва бошқа ашёвий далиллар орқали Н. Бердиев жиноятни қасддан содир этгани тўлиқ тасдиқланди.

Суд ҳайъати Н. Бердиевнинг жиноий ҳаракатлари дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а”, “ж”, “и” бандлари ва 164-моддаси 3-қисми “в”, “г” бандлари билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблади. Унга нисбатан йигирма йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Муқаддас китобларда турли ирим-сирим ва фолбинликка ишонмаслик лозимлиги уқтирилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки беъмани ирим-сиримлар ва нотўғри амалларга ишониш оқибатида она-бола фожиали ўлим топди, навқирон ёшдаги йигит умрининг катта қисмини панжара ортида ўтказадиган бўлди. Бу айрим кишиларнинг диний ва ҳуқуқий саводхонлик даражаси паст, маънавий дунёқараши тор эканидан далолатдир. Шу боис жамиятда саводхонликни юксалтириш, маънавий тарбияга катта эътибор қаратиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борадаги ишлар янада такомиллаштирилса, юқорида баён этилгани каби ҳодисаларнинг олди олинади.

Алишер ҲАЙДАРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Пастдарғом тумани суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: