БУРЧГА САДОҚАТ БИР ЖИНОЯТГА ТЎСИҚ БЎЛДИ
Бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлиги асосларига путур етказувчи, жамият тараққиёти, юрт равнақи ва халқнинг фаровон турмуш тарзига раҳна солувчи хавфли иллат — коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилмоқда.
Айтиш керакки, коррупция жиноятига қарши курашда давлат органлари ходимларининг ҳалоллиги, зиммасига юклатилган вазифаларга содиқлиги ва тамагирликка нисбатан муросасиз муносабатда бўлиши ғоятда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 26-моддасида давлат органлари ходимлари зиммасига алоҳида мажбурият юклатилган.
Шу ўринда бу ҳақида тўхталадиган бўлсак, давлат органи ходими ўзига бирон-бир шахс коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида мурожаат этса, у бу ҳақда ўз раҳбарини ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни дарҳол хабардор этиши керак.
Бундан ташқари давлат органи ходими давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари тўғрисида ҳам ўз раҳбари ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт. Ушбу мажбуриятнинг бажарилмаслиги давлат органи ходимининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.
Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратсак, М. Таниқулова (исм-шарифлар ўзгартирилди) муқаддам Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор топилиб, бир йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм этилган. Орадан етти ой ўтиб, М. Таниқулова жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани судининг 2020 йил 24 июлдаги ажримига асосан жазони ўташдан шартли озод қилинган.
Аммо воқеаларнинг кейинги ривожи М. Таниқулова қилмишидан тўғри хулоса чиқариб олмаганини кўрсатди. Чунки жазодан шартли озод қилингач, М. Таниқулова яна уйида фоҳишалик билан шуғуллана бошлади.
Шу боис туман ички ишлар бўлимига келиб тушган маълумотга асосан ўтган йилнинг 15 декабрь куни тезкор тадбир ўтказилади. Тадбир чоғида М. Таниқулова бу ишга жалб қилинган «Усмонжон» исмли шахсдан шаҳвоний иш учун 100 минг сўм олган вақтда далилий ашёлар билан ушланди.
Туман ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Д. Ҳамдамов ўзининг хизмат хонасида ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш хати олаётганда М. Таниқулова унга келишув таклиф қилади. Аниқроқ айтганда, бу тубан аёл ўзига нисбатан тўпланган ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ишни ёпишни сўрайди ва бунинг эвазига 500 АҚШ доллари беришини билдиради.
Ўз навбатида, тезкор вакил унга бу жиноят экани, қонун билан тақиқланганини қайта-қайта уқтирса-да, М. Таниқулова ўз билганидан қолмайди.
Шундан сўнг Д. Ҳамдамов М. Таниқулова билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбатни қўл телефонига ёзиб олади. Фуқародан тушунтириш хатини олгач, ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ИИБ бўлими раҳбариятига ахборот беради.
Тезкор вакилнинг билдиргисига асосан туман прокуратураси ва Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси ўз хавфсизлиги бўлими ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда М. Таниқулова Д. Ҳамдамовга тўпланган ҳужжатларни расмийлаштирмаслик эвазига 500 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни пора тариқасида берган чоғида жиноят устида қўлга олинади.
Суд судланувчи М. Таниқулованинг давлат органи мансабдор шахсига ана шу мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, бевосита моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этишда ифодаланган жиноий ҳаракати дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан тўғри малакаланган деб ҳисоблади.
Судланувчи М. Таниқулованинг айбига иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолат. Бироқ суд унинг муқаддам жиноят содир этиб, яна қасддан янги жиноятга қўл ургани жазони оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади, деган тўхтамга келди.
Суд судланувчига нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Олий суд Пленумининг «Порахўрлик ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 17-бандига риоя қилди. Ушбу бандда «агар жабрланувчи пора талаб қилганлиги ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган бўлиб, тезкор тадбир давомида жабрланувчининг мулкидан пора предмети тариқасида фойдаланилган бўлса, ушбу мулк Жиноят процессуал кодексининг 211-моддаси 4-бандига асосан жабрланувчига қайтарилиши лозим, бошқа ҳолатларда пора предмети суд ҳукми билан давлат эгалигига ўтказилади», дея қайд этилган. Шунинг учун суд ҳукми қонуний кучга киргандан сўнг ашёвий далил деб эътироф этилган, судланувчи М. Таниқулова томонидан Д. Ҳамдамовга пора тариқасида берилган 500 АҚШ доллари давлат фойдасига ўтказилиши белгиланди.
Суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли топилган М. Таниқуловага эса, муайян муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шу тарзда давлат органи ходимининг ўз зиммасидаги мажбуриятни ҳалоллик билан бажаргани бир жиноятга тўсиқ бўлди. Бошқача айтганда, коррупция деб аталмиш хавфли иллатнинг битта томири қирқилди.
Баҳодир АҲМЕДОВ,
жиноят ишлари бўйича
Нарпай тумани суди раиси
Фикр қолдириш