ФИРИБГАР АЁЛ СУД ЗАЛИДАН ҚАМОҚҚА ОЛИНДИ

Фирибгарлик бамисоли хумори тутаверадиган дардга ўхшайди. Бир маротаба қўл урган кимса вақт ўтиши билан яна унинг кўчасига кириб қолганини сезмай қолади. Айниқса, фирибгар аёлларнинг ҳаёт йўлига назар ташласангиз, бунга такрор-такрор амин бўлаверасиз.

Олтиариқлик Малоҳат Мамараҳимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) бундан 2 йил аввал мазкур “ҳунар”нинг бошини тутди-ю унга ўрганиб қолди. Аксинча бўлганида у бир йилда 2 маротаба айнан фирибгарлиги учун судланмаган ва бугун темир панжаралар ортида ўтирмаган бўларди.

Гап шундаки, Малоҳат дастлаб 2020 йилда жиноий шериклари билан олдиндан тил бириктириб, фирибгарлик ҳамда пора беришга далолат қилиш жиноятини содир этади. Оқибатда бу қилмиши учун жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман судининг 2021 йил 18 февралдаги ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилади.

Буни қарангки жазо муддатини ўтаётган пайтда М. Мамараҳимованинг 2020 йил охирларида қўл урган яна бир фирибгарлиги фош бўлади.

Эътиборлиси, у мазкур жиноятни фирибгарлик бобида Олтиариқда “донг таратган” – муқаддам “атиги” 15 маротаба судланган Умринисо Ҳожибоева билан бирга содир этади.

Ўшанда – 2020 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Малоҳат Олтиариқ туманининг “Ипакчи” маҳалласида яшовчи таниши Авазжон Тожалиев билан учрашиб қолади. Суҳбат асносида аёл Авазбекнинг узум боғини кенгайтириш ва ривожлантириш мақсадида банкдан кредит олиш ниятида юрганидан воқиф бўлади. 

– Хоҳласангиз дугонам ёрдам бериши мумкин. У вилоятдаги банклар ходимлари билан жуда яқин, – дейди М. Мамараҳимова тайёр ўлжани қўлдан чиқаргиси келмай.

Унинг асл мақсадидан бехабар А. Тожалиев дарҳол таклифга рози бўлади. 

– Дугонам билан гаплашиб, эртага сизга жавобини айтаман, – деб ишонтиради у.

Чиндан ҳам эртаси куни Малоҳат Авазжонга қўнғироқ қилиб, фуқаролик паспорти нусхасини туман марказига олиб келишини айтади. Юзма-юз учрашишганда эса кредит олишнинг ўзига яраша “харажати” борлигини маълум қилади. Бинобарин, бўлажак мижоз паспорт нусхасига қўшиб, 200 АҚШ долларини аёлнинг қўлига тутқазади. Кейин М. Мамараҳимова уни Умринисо билан учраштириб қўяди. 

Шу тариқа иккала “ҳожатбарор” кредитни расмийлаштириш баҳонаси билан бир ой мобайнида Авазжондан 800 АҚШ доллари олишади. Унинг ишончини қозониш учун У. Ҳожибоева ҳатто бир куни узум боғини суратга олгани ҳам келади.

– Бу суратлар кредит папкасига тикилади, – дейди у.

Соддадилликни қарангки, ана шу кезларда А. Тожалиев банкдан кредит олаётгани ҳақида ўзи ишлайдиган фермер хўжалиги раҳбари Дилбархон ва боғдаги қўшниси Муҳаммадмамирга мақтаниб гапиради. Буни эшитиб, улар ҳам кредит олиш пайига тушиб қолишади. Яъни Авазжондан Умринисо билан гаплашиб кўришини ва ўзларига ҳам кредит олишда ёрдам беришини илтимос қилишади.

– Банкдагиларни рози қилишса, уларга ҳам кредит нақд деяверинг, – деб жавоб беради У. Ҳожибоева ўз оёғи билан келиб турган “ўлжа”ларни илинтириш учун замин яратиб.

Шундан сўнг Малоҳат билан Умринисо акция­дорлик тижорат “Асака банк”нинг Фарғона филиалидан кредит олиб беришни ваъда қилиб, Дилбархоннинг акаси Дилмурод Раҳимовдан 700 АҚШ доллари, Муҳаммадмамир Ҳошимовдан 800 АҚШ доллари ва 450 000 сўм пулларни қуртдек санаб олишади. Аммо…

Аммо ваъдалашилган муддатдан ўтиб кетса ҳамки уччала мижозга ҳам кредит ажратилмайди. Жабрланувчилар алданганларини анг­лаб етишганда эса фирибгар дугоналар олган пулларини аллақачон ҳазм қилиб улгуришганди.

Бундан ташқари, “қаҳрамон”ларимиз Бағдод туманининг “Қўғоли” маҳалласида истиқомат қилувчи Умиджон Исмоиловни ҳам чув туширмоқчи бўлишади. Негаки, 2019 йилда касб- ҳунар коллежини тамомлаган Умиджонни олтиариқлик таниши Ўлмасбой Парпиев М. Мамараҳимовага рўбарў қилиб қўйганди-да. Ваҳоланки, У. Исмоилов Ўлмасбой акадан таж­рибали репетитор топиб беришни илтимос қилганди. Малоҳат бўлса унга 2500 АҚШ доллари эвазига республиканинг нуфузли идораларида ишловчи акахонлари орқали Тошкентдаги истаган олий ўқув юртининг дипломини олиб беришини айтади. Бироқ билимли ўқитувчининг қўлида тайёрланиб, ўз кучи билан талаба бўлиш орзусидаги йигитга бу таклиф маъқул келмайди. Шу боис Умиджон мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этади. Пировардида М. Мамараҳимова 2021 йил 11 июнь куни У. Исмоиловдан келишилган пулнинг бир қисми – 500 АҚШ долларини олаётган вақтда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Олтиариқ туман бўлими ходимлари томонидан ушланади. Бинобарин, унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилади. Тергов жараёнида эса Малоҳатнинг Умринисо билан бирга содир этган юқоридаги кирдикорлари ҳам фош бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур иш жиноят ишлари бўйича Олтиариқ туман суди томонидан кўриб чиқилиб, суд ҳукмига мувофиқ, иккала фирибгар Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этилди. Шу боис улар суд залидан қамоққа олинди. Суд ҳукмида судланувчилардан жабрланувчиларга етказилган зарарларни ундириш ҳам белгиланган.

Лекин Малоҳат Мамараҳимова қилмишидан пушаймонлиги ва ёлғиз оналигини инобатга олиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган ҳолда Фарғона вилоят судига апелляция шикояти берди.

Апелляция суди мажлисида биринчи босқич суди судланувчига жазо тайинлашда ишнинг барча жиҳатларини, аёл киши эканлигини, жазони оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларини инобатга олиб ҳамда Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) ни қўллаб, қонун доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлагани аниқланди. Шунга кўра, унинг шикояти қаноатлантирилмасдан, суд ҳукми эса ўзгаришсиз қолдирилди. 

Феруза СИДДИҚОВА, 

Фарғона вилоят судининг судьяси

(“Адолат” газетаси,

2022 йил 25 март)

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: