БЕКОР БЎЛГАН ҚАРОР: СУД БУЗИЛГАН УЙ-ЖОЙ ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАДИ
Узоқ йиллар мобайнида оила аъзолари билан яшаб келган уйидан ҳайдаб чиқаришса, киши мушкул аҳволга тушиши табиий. Термизлик Акмал Бердиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) бошига ана шундай ташвиш тушди.
Гапни узоқдан бошлайдиган бўлсак, Термиз шаҳар ҳокимининг 2005 йил 20 июлдаги 609-сонли қарорига асосан Алишер Навоий номидаги кўчада жойлашган 19-уй, 15-хонадон Холмурод Файзиевга хусусий мулк қилиб берилган. У эса, 2005 йил 26 ноябрда хонадонни Собир Ўктамовга сотган.
2010 йил 12 январь куни ушбу хонадонни Акмал Бердиев сотиб олган ва ўшандан буён оила аъзолари билан бирга яшаб келган.
2020 йил декабрь ойида Акмал Бердиев ҳам хонадонини сотмоқчи бўлади.
Лекин нотариал идора ва кадастр бўлимида ушбу уй Термиз шаҳар ҳокимининг 2012 йил 26 мартдаги 115-сонли қарорига асосан Мудофаа вазирлигига қарашли Термиз ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисмига хизмат турар жойлари фонди ҳисобига фойдаланишга бириктириб берилганидан хабар топади.
Энг қизиғи, хонадонга нисбатан сотишга таъқиқ қўйилгани Акмал Бердиевни таажжубга солади. Чунки бу қонунга зид эди.
Шу боис у Термиз туманлараро маъмурий судига Термиз шаҳар ҳокимининг 2012 йил 26 мартдаги 115-сонли қарорининг 19-уй, 15-хонадонга нисбатан қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш ва унга қўйилган таъқиқни бекор қилиш бўйича мажбурият юклаш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Суд ушбу низоли хонадон Термиз шаҳар ҳокимининг 2005 йил 20 июлдаги 609-сонли қарорига асосан Холмурод Файзиевга хусусий мулк қилиб берилгани, уй-жой мулк ҳуқуқи асосида унга тегишли экани ҳақида 97-сонли давлат ордери берилиб, давлат рўйхатидан ўтказилгани эътибордан четда қолган, деган хулосага келди. Чунки ана шу ҳолат Акмал Бердиев ушбу хонадонни мулк ҳуқуқи асосида қонуний равишда сотиб олганини тасдиқлайди.
Қолаверса, Уй-жой кодексининг 14-моддасида давлатга қарашли уй, квартирага бўлган мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган хусусийлаштириш тартибида вужудга келиши белгиланган.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 164-моддасида мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатлиги ва мулк ҳуқуқи муддатсиз экани кафолатланган.
Кўриниб турганидек, Термиз шаҳар ҳокимининг 2012 йил 26 мартдаги 115-сонли қарорига асосан низоли хонадоннинг Термиз ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисмига бириктириб берилиши Акмал Бердиевнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузган. Чунки у ҳозирги кунга қадар низоли хонадоннинг мулкдори ҳисобланади.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 12-моддаси 1-қисмига кўра, давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқаронинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин. «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ва бекор қилинмайди.
Маъмурий судларда иш юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддаси 2-қисмида «Суд устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид экани ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганини аниқласа, қарорни ёки унинг айрим қисмларини ҳақиқий эмас, ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади» дея қайд этилган.
Суд ишга тааллуқли ҳужжатларни ўрганиб, Термиз шаҳар ҳокимининг 2012 йил 26 мартдаги 115-сонли қарорининг Алишер Навоий номидаги кўча, 19-уй, 15-хонадонга тегишли қисмини ҳақиқий эмас, деб топди. Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги зиммасига ушбу хонадонга нисбатан қўйилган таъқиқни бекор қилиш мажбуриятини ҳам юклади.
Шу тариқа Акмал Бердиев уйидан айрилмайдиган бўлди. Суд унинг бузилган ҳуқуқларини тиклади. Эндиликда у шахсий мулкини эмин-эркин тасарруф этиши мумкин.
Аъзамберди Алиқулов,
Термиз туманлараро
маъмурий суди судьяси
Фикр қолдириш