ГУМРОҲЛИК КАСРИ
Ҳаётда узоқни кўра билмаслик, жиззакилик ва гумроҳлик кутилмаган фожиани келтириб чиқариш мумкин. Қуйида ана шундай воқеа тафсилоти баён қилинади.
Аслиддин (исм-шарифлар ўзгартирилди) ишбилармон, ғайрат-шижоатли бўлиб вояга етди. Уйлангач, ер майдони сотиб олиб, уй қурди, оиласи билан кўчиб чиқди. Яқиндагина яп-янги «Спарк» русумли автомашина ҳам сотиб олганди. Ўша куни эрталаб Аслиддин автомашинасида болаларини мактабга элтиб қўйди, сўнг ота-онасидан хабар олгани борди.
Аммо фалокат оёқ остида деб бежизга айтишмаган экан. У автомашинасини бошқариб бораётганида муюлишда тўсатдан қўшниси Бердиназар Исматов велосипедда чиқиб қолди. Ўртадаги масофа жуда қисқа эди. Аслиддин машинасини, Бердиназар эса, велосипедини тўхтатиб қолишга улгуришмади. Велосипед автомашинанинг олди томонига келиб урилди. Тўқнашув чоғида Б. Исматов ўнг томони билан ерга йиқилди. Хайриятки, унга ҳеч нарса қилмади. Аммо велосипед пачоқланиб кетганди.
Буни кўриб, Б. Исматов Аслиддиндан янги велосипед олиб беришни талаб қилди.
— Тўғри, мен айбдорман, — деди Аслиддин. — Аммо яқинда машина олдим, шунинг учун янги велосипед сотиб олишга ҳозирча имконим йўқ. Сиз вақтинча отамнинг велосипедидан фойдаланиб туринг, кейинроқ янгисини олиб бераман.
Аслиддининг бу таклифи Б. Исматовга маъқул тушмади. «Отангнинг велосипеди менга керак эмас», — деди у зарда билан.
Шу тариқа улар воқеа жойидан тарқалишди. Аслиддин ота уйига келгач, рўй берган кўнгилсиз ҳодисани айтиб берди. Б. Исматов эса, яроқсиз ҳолга келган велосипедини уйига олиб кетди.
Ўша куни тушдан сўнг Аслиддин Б. Исматовнинг уйига борди, аммо у ҳали ишдан қайтмаган экан. Шундан сўнг у тоғаси Акромга юз берган воқеани айтиб берди. «Сиз Бердиназар аканинг уйига бориб, шароитимни тушунтиринг, янги велосипедга пул йиққунимга қадар сабр қилиб турсин», — дея у илтимос қилди. Аммо тоғаси гарчи ваъда берган бўлса-да, Б. Исматов билан учрашишга вақт тополмади.
Эртаси куни тунда Б. Исматов ширакайф ҳолатда Аслиддиннинг отаси Ф. Рўзиқуловнинг уйига келди. У оиланинг кенжа ўғли Нуриддиндан Аслиддиннинг уяли телефон рақамини сўради. Нуриддин акасининг телефон рақамини ёддан билмаслигини, қўшни ҳовлида яшайдиган акаси Аҳлиддиндан сўрашни айтди.
Айни дамда ўзини жабрлангандек ҳис этаётган Б. Исматовга Нуриддиннинг бу гапи худди айилдек оғир ботди. Шу боис иккаласи айтишиб қолишди. Уларнинг бақириқ-чақириғини эшитган Аҳлиддин ўртага тушиб, уларни тинчлантирди. Шундан сўнг Б. Исматов уйига кетди.
Қани эди, шу билан барчаси якун топса… Бироқ бундай бўлмайди, орадан йигирма дақиқа ўтгач, Б. Исматов тажовузкор қиёфада яна Ф. Рўзиқуловнинг уйига келди ва ҳақоратли сўзларни ёғдирганча дарвозани очишни талаб қила бошлади.
Бу гал дарвозани Ф. Рўзиқуловнинг турмуш ўртоғи Инобат ая очди:
— Нега ярим тунда бизни безовта қилаяпсан? Янги велосипед олиб берамиз, деб айтди-ку?! — деди у жаҳл аралаш. Аммо жаҳлдан ўзини қаерга қўйишни билмай турган Б. Исматовга аёлнинг гапи таъсир қилмади.
Аксинча, у баттар ҳақорат қилишга тушди. Унинг бақириб ҳақоратлашини эшитиб, Аҳлиддин уйидан чиқиб келди. Бир пасдан сўнг оиланинг кенжа ўғли Нуриддин ҳам ташқарига чиқди.
— Сен кимни сўкаяпсан? — дея Нуриддин Б. Исматовга ўдағайлаётганда, уни отаси ва акаси Аҳлиддин тўхтатиб қолишди. Аммо бу билан жанжал тинчимади. Ф. Рўзиқулов Б. Исматовни тинчлантиришга уринаётганда, Нуриддин унинг ёқасидан тутиб, итариб юборди. Оқибатда Б. Исматов сувсиз ариққа йиқилиб тушди. Шундан сўнг у баттар қаҳрга тўлиб, ўрнидан отилиб турди ва чўнтагидан ошхона пичоғини олиб Аҳлиддиннинг қорни ва чап қўлига санчди…
Қўни-қўшнилар жароҳат олган Аҳлиддинни касалхонага жўнаётган паллада бундан ҳам оғир фожиа рўй берди. Гап шундаки, буткул ақл-ҳушини йўқотган Б. Исматов Ф. Рўзиқуловнинг бўйин қисмига пичоқ санчди. Кейин эса, янада қутуриб, унинг чап биқинига икки марта пичоқ урди.
Афсуски, оғир жароҳат олган Ф. Рўзиқулов воқеа жойида ҳаётдан бевақт кўз юмди.
Биринчи босқич суди судланувчи Б. Исматовнинг марҳум Ф. Рўзиқулов ва А. Рўзиқуловни ўлдириш мақсади бўлмагани тўғрисидаги кўрсатмаларини ўрганиб чиқди. Аммо унинг бу кўрсатмаларини асоссиз ва жавобгарликдан қутулиб қолиш ёки жавобгарликни енгиллаштириш мақсадида ўйлаб топилган важлар деб баҳолади. Чунки Ф. Рўзиқулов ва унинг ўғиллари кейинроқ янги велосипедни олиб беришни ёки шикастланган велосипедини тузатиб беришни айтишганда, Б. Исматов бунга рози бўлган. Бироқ 2021 йил 14 апрель куни Ф. Рўзиқуловнинг уйига спиртли ичимлик таъсирида маст ҳолда бориб, жанжал кўтарган. Уни тинчлантиришга уриниб, уйига жўнатишганига қарамай у йўлда кетаётиб, Ф. Рўзиқулов ва унинг оила аъзоларига қараб «ҳозир қайтиб келиб ҳаммангни ўлдираман» дея таҳдид қилган. Айни шу ҳолат унинг одам ўлдириш жиноятини содир қилишни кўзлаганини англатади. Бу ҳолат жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ҳам тўлиқ тасдиқланди.
Қисқаси, суд ҳукми билан судланувчи Б. Исматов Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми ҳамда 25,97-моддаси 2-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Судланувчига нисбатан айбланган ҳар бир модда бўйича алоҳида-алоҳида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Жиноят кодексининг 59-моддасига кўра, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича Б. Исматовга 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, гумроҳлик туфайли оғир фожиа рўй берди. Жазавага тушиш, ақл билан иш тутмаслик бир одамнинг умрига зомин бўлди. Б. Исматов қилмиши учун тайинланган муқаррар жазо муддатини ўташи тайин. Аммо виждон азобидан қутулиш имкони бормикан? Масаланинг энг оғриқли жиҳати шунда.
Луқмон ҚОДИРОВ,
Бухоро вилояти суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш