ҲАЛОЛ МЕҲНАТ ҚАДРИ
Мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг меҳнат қилиш ҳуқуқи қонун асосида кафолатланган. Хусусан, ишчи-ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки бошқа турда шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш тартиби ҳам қонунлар ва меъёрий ҳужжатларда аниқ белгилаб қўйилган.
Бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномаси, бахтсиз ҳодиса ва ишлаб чиқаришда соғлиққа етказилган шикастлар тўғрисида далолатнома, суд қарори, меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши, давлат меҳнат техника инспектори ёхуд бошқа мансабдор шахслар (органлар)нинг хулосаси, касб касаллиги тўғрисида тиббий хулоса, айбдор шахсларга маъмурий ёки интизомий жазо бериш тўғрисидаги қарор, касаба уюшмаси қўмитаси ёки корхона ходимларининг бошқа ваколатли органи қарори меҳнат жароҳати учун иш берувчининг айбдорлиги ёхуд жавобгарлигини исботловчи далил ҳисобланади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, коронавирус инфекциясининг тарқалиши муносабати билан ушбу касалликка қарши курашиш учун жалб этилган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2020 йил 26 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида коронавирус инфекциясини юқтирган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларнинг соғлиғига шикаст етказилгани ёки уларнинг оғир аҳволга тушиши ва соғлиғи тикланмагани муносабати билан бир йўла бериладиган қўшимча тўловлар миқдори тасдиқланган.
Меҳнат муносабатига киришган ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида тегишли чоралар кўрилган бўлса-да, афсуски, коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга жалб қилинган баъзи тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг соғлиғига шикаст етгани ҳам айни ҳақиқат.
Ходимларнинг соғлиғини тиклаш, етказилган зарарни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда ҳамда тегишли тўловлар тўлаб берилмоқда. Баъзи ҳолатларда ходимларнинг ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилинмоқда.
Масалан, тиббиёт ходими Р. А. коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан ушбу касалликка қарши курашиш учун махсус ташкил этилган тиббиёт муассасасига ишга жалб қилинган. Ўз меҳнат вазафасини бажариш чоғида коронавирус инфекциясини юқтириб олган ва вафот этган.
Марҳумнинг қарамоғида бўлган оила аъзолари Президент қарорида белгиланган бир марталик компенсацияни олиш учун мутасадди идораларга бир неча бор мурожаат қилишган. Бироқ бу муаммо ижобий ҳал этилмаган. Шундан сўнг марҳумнинг оила аъзолари бир марталик компенсацияни ундириш учун судга даъво аризаси киритган.
Шу ўринда қонун ҳужжатларига назар ташласак, «Коронавиус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида»ги вақтинчалик Низомнинг 31-бандида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиги тикланмаган тақдирда ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига 250 миллион сўм миқдорида бир йўла бериладиган тўлов берилиши белгиланган.
Ушбу Низомнинг 32-бандига кўра, бир йўла бериладиган тўловлар қонун ҳужжатлари, шунингдек, жамоа шартномалари ва бошқа локал ҳужжатлар ҳамда меҳнат шартномасига мувофиқ ходимнинг соғлиғига шикаст етказгани ёки бошқа оқибатлар юзага келиши муносабати билан тўланадиган тўловларни сақлаб қолган ҳолда қўшимча равишда амалга оширилади. Бу турдаги тўлов Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ана шу асосларга кўра, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди. Фидокорона меҳнат қилган марҳум ходимнинг оила аъзоларига 250 миллион сўм миқдорида бир марталик компенсация ундириб берилди.
Бу мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳимоясида эканидан далолатдир.
Собир Набиев,
Жиззах вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш