СУДГА МУРОЖААТ ЭТИШ ТАРТИБИ БОРАСИДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР ҚАРАТИШ ЗАРУР?
Айтиш керакки, Конституциямизда ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқни ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатни ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга бўлган ҳуқуқ — кенг кўламли, ҳақиқий демократик, конституциявий ҳуқуқ бўлиб, унда одил судлов эшиги ҳар бир инсон учун очиқлиги мужассамлашган.

Фуқаролар ва юридик шахслар муайян ҳолатларда ўзларининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиши мумкин. Чунки ҳаётда алимент мажбуриятларини бажармаслик, зарар етказганлик, шартнома мажбуриятларини бузиш билан боғлиқ фуқаролик, оила, меҳнат қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлар бузилиши ҳолатлари учраб туради.
Бундай ҳолларда суд тизимининг асосий бўғини бўлмиш фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларга мурожаат қилишга тўғри келади.
Фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш ҳамда судда фуқаролик суд ишларини юритиш билан боғлиқ жараён Фуқаролик процессуал кодекси билан тартибга солинади.
Қонунда судга мурожаат қилиш шаклига нисбатан қатьий талаблар белгиланган. Мурожаат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича даъво аризаси шаклида, буйруқ тартибида кўриладиган ишлар бўйича ва алоҳида тартибда юритиладиган ишлар, шунингдек, процессуал қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда эса, ариза шаклида берилиши талаб қилинади.
Ушбу кодекснинг 2-моддасида қайд этилганидек, фуқаролик суд ишларини юритиш вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва тотувликни таъминлашга кўмаклашишдан иборат.
Бундай вазифаларни амалга ошириш учун суд фуқаролик ишларини тўғри ҳамда ўз вақтида кўриб чиқиши лозим. Бу ўз навбатида, муайян процессуал мақсадни бажаришга қаратилган бир неча босқични ўз ичига олади.
Фуқаролик процессида дастлабки ва жуда муҳим босқич — фуқаролик ишини қўзғатиш босқичи ҳисобланади. Бу босқичда ўн кун ичида судья якка тартибда учта масалани, яъни аризани иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши зарур.
Бунинг учун судья аризачи томонидан Фуқаролик процессуал кодексининг 189-191-моддалари талабларига риоя қилингани ёки қилинмаганини синчиклаб текширади. Айниқса, аризанинг мазмунига нисбатан, шу жумладан, даъвогар ва жавобгарнинг шахсига оид маълумотлар, даъво талабининг нимадан иборат эканлиги, даъвога асос сифатида келтирилаётган ҳолатлар ва бу ҳолатларни тасдиқловчи далиллар аризада аниқ кўрсатилиши шартлиги тўғрисидаги қонунда белгиланган талаблар бажарилганлиги муҳим ҳисобланади.
Эътибор қаратиш шарт бўлган яна бир жиҳат — ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарларнинг сонига мутаносиб равишда тақдим этилганини, шунингдек, давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганини текширишдир.
Мазкур текширишлар натижасига кўра, судья ариза қонунда назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда берилган деб топса, уни иш юритишга қабул қилиш ва фуқаролик ишини қўзғатиш, акс ҳолда, аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш ёки аризани қайтариш тўғрисида ажрим чиқаради.
Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: қайси ҳолларда судья аризани иш юритишга қабул қилишни рад этади? Бу саволга Фуқаролик процессуал кодекснинг 194-моддасида аниқ жавоб топиш мумкин. Яъни агар:
– арз қилинаётган талаб судга тааллуқли бўлмаса;
– фуқаролик ишлари бўйича суднинг, иқтисодий суднинг ёки маъмурий суднинг ёхуд чет давлат ваколатли судининг айни бир тарафлар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ёки даъвогарнинг даъво талабларидан воз кечгани ёки тарафлар келишув битими тузилгани сабабли ишни тугатиш тўғрисидаги ажрими мавжуд бўлса;
– фуқаролик ишлари бўйича суднинг, ҳакамлик судининг иш юритишида айни бир тарафлар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;
– айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик судининг қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлса, бундан фуқаролик ишлар бўйича суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақасини беришни рад этган ҳоллар мустасно;
– айни бир шахслар ўртасида, айни бир предмет тўғрисида ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан ҳакамлик муҳокамасини тугатиш тўғрисида чиқарилган ажрим бўлса, судья аризани иш юритишга қабул қилишни рад этади.
Энди ариза қачон қайтарилади, деган масалага тўхталамиз. Агар Фуқаролик процессуал кодексининг 195-моддасига мувофиқ:
– ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилган бўлса;
– манфаатдор шахс номидан ариза иш юритиш ваколатига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса;
– иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаса;
– ариза Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддасида белгиланган талабларга риоя этилмаган ҳолда берилган бўлса;
– битта аризада бир ёки бир нечта жавобгарга нисбатан ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта талаб бирлаштирилган бўлса;
– аризани суднинг иш юритишига қабул қилиш ва ишни қўзғатиш тўғрисида ажрим чиқарилгунига қадар аризачидан аризани қайтариш ҳақида ариза келиб тушса;
– ариза бўйича давлат божи ва почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этилмаган ёки уларни тўлашни кечиктириш ҳақида илтимоснома берилмаган ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса;
– мол-мулкни (ашёни) эгасиз деб топиш тўғрисидаги ариза қонунда белгиланган муддатдан олдин ёки мол-мулкни (ашёни) аниқлаш ва ҳисобга олиш юзасидан қонунда назарда тутилган тартиб бузиб берилган бўлса;
– даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этилганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса, бундай ҳолларда ариза қайтарилади.
Аризани иш юритишга қабул қилишни рад этиш ва аризани қайтариш тўғрисидаги ажримлардан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар турличадир.
Биринчи ажрим судга шу масалада қайта мурожаат қилиш имкониятидан маҳрум этса, иккинчи ажримда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилганидан кейин манфаатдор шахс судга умумий тартибда такроран мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Қонун мазмунига кўра, ҳар икки ҳолатда ҳам судья чиқарган ажрим юзасидан умумий тартибда хусусий шикоят қилиниши, протест келтирилиши мумкин.
Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, қонунчиликда судга мурожаат қилиш тартибининг аниқ белгилаб қўйилгани суд фаолиятига қулайлик яратиши баробарида мурожаатчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли таъминлашга хизмат қилади.
Нилуфар Акбарова,
Тошкент вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш