СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ЖИНОЯТ ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ
2022 йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 38 077 нафар шахсга нисбатан 29 783 та жиноят иши кўриб чиқилди.
468 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, судланган шахслар сони 28 736 нафарни ташкил этиб, шундан 8 929 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш ва 19 070 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди, 737 нафар шахс шартли ҳукм қилинди. Судланган шахсларнинг 25 564 нафари эркак, 5 945 нафари аёл, 11 695 нафари ёшлар (шу жумладан 971 нафари вояга етмаган) ва 854 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.
4 263 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди, 12 184 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 4 595 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилди ва 6 707 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
310 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар, фирибгарлик, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, безорилик, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш ва талончилик каби жиноятлар учун судланганлик кўрсаткичлари сезиларли даражада ошган.
Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 7 785 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Етказилган 633 млрд. сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 4 238 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
11 696 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 39,3 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 7 233 нафар шахсга нисбатан 5 320 та жиноят ишлари кўриб чиқилди. 526 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 165 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 3 441 нафар шахсга нисбатан 3 172 та жиноят ишлари кўриб чиқилди. 553 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 275 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Шунингдек, кассация инстанциясида 119 нафар шахсга нисбатан 105 та жиноят ишлари такроран кўриб чиқилди. 69 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 42 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари
билан алоқалар бошқармаси
Фикр қолдириш