ЁШЛИК — БЕБОШЛИКМИ?! ЁКИ ОДОБ-АХЛОҚ ЧЕГАРАСИДАН ЧЕТГА ЧИҚИШНИНГ АЯНЧЛИ ОҚИБАТЛАРИ ХУСУСИДА
Амалдаги Жиноят кодексининг 251-моддасида назарда тутилган «Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш» жинояти кодекснинг XVII-бобини ўз ичига олувчи «Жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар» тоифасига киради. Ҳаётда ўз шахсий манфаати йўлида ана шундай қабиҳ жиноятларга қўл ураётган ёшлар ҳам, афсуски, йўқ эмас.
Масалан, Миробод туманининг Қўйлиқ-4 даҳасида истиқомат қилувчи Шоҳаббос Ниғматов ва Ҳусан Усмоновлар 2019 йил 14 ноябрь тунги соат 23.15 ларда Сирғали тумани Қўйлиқ 6-даҳасида жойлашган «Замин Фарм Бизнес» масъулияти чекланган жамияти дорихонаси олдига келишади.
Сўнгра бошларига ниқоб кийиб, «KWC» номли травматик пистолет ва пичоқ билан қуролланган ҳолда дорихонага бостириб киришади. Бу маҳалда дорихонада сотувчи Олмосбек Қўшбоқов савдо қилаётганди. Босқинчилар Олмосбекка пистолет ва пичоқ билан ўқталиб, танасининг турли қисмларига уриб жароҳат етказишади. Кейин эса, ўлдириб юбориш билан қўрқитиб, ундан кучли таъсир қилувчи «Регапен», «Тропикамид» ва «Целлофан» дори воситаларини беришни талаб қилишади. Буни қарангки, айни шу пайт дорихона иш бошқарувчиси Жасуржон Мақсудов келиб колади. Табиийки, Ж. Мақсудов босқинчиларга фаол қаршилик кўрсатади. Натижада иккала жиноятчи ҳам қўлга олиниб, жиноий режасини ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олишмайди.
Албатта, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш жиноятга жазонинг муқаррарлиги биландир. Бинобарин, ушбу ҳолат бўйича ҳам айбдорларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Оқибатда жиноят ишлари бўйича Сирғали туман суди Ш. Ниғматов ва Ҳ. Усмоновларни Жиноят кодексининг 251-моддаси 3-қисми «а»-бандига биноан озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.
— Дорихонадагилар оғайниларим Шоҳжаҳон ва Зафарга ўша дорилардан сотишган экан. Ҳозир иккаласи ҳам ғалати бўлиб қолган. Шунинг учун дорихона сотувчисини тартибга чақириб қўйиш учун боргандик, — деди суд мажлисидаги кўрсатмасида Шоҳаббос.
У бу фикри билан ўзини оқламоқчи бўлдию, аммо аслида унинг ўзи Ҳусан билан бирга кучли таъсир қилувчи дориларга жисмонан боғланиб қолган эди. Дарҳақиқат, буни Тошкент шаҳар наркологик диспансерининг 2019 йил 17 декабрдаги 1086 ва 1087-сонли хулосалари ҳам тасдиқлади.
Жиноят кодексининг 96-моддасига мувофиқ, алкоголизмга, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка йўлиққан ёҳуд ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахслар томонидан жиноят содир этилган тақдирда, агар тиббий хулоса мавжуд бўлса, суд, жазо тайинлаш билан бирга, уларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини ҳам қўллаши мумкин. Шунинг учун суд наркология диспансерининг хулосаларини инобатга олиб, Шоҳаббос Ниғматов ва Ҳусан Усмоновларга нисбатан жазони ижро этиш муассасасида тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилишини белгилади.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш жоизки, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятининг энг асосий мезонларидан биридир. Шундай экан, юқорида баён этилган жиноят ўз ўрнида фош этилиб, судланувчилар тегишли жазога тортилди. Лекин эндигина 20-23 ёшга кирган навқирон йигитларни назоратсиз қолдирган ота-онаси, маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари ва бошқа дахлдор шахсларга ҳам тегишли қонуний чора қурилиши шарт, назаримизда. Негаки, исм-шарифлари тилга олинган йигитлар вақтинча ишсиз, бўйдоқ, яъни уюшмаган ёшлардир. Улар билан жиддий равишда ишлаш, шу орқали жиноятчиликнинг олдини олиш эса, бутун жамоатчиликнинг зиммасидадир.
Шундан келиб чиққан ҳолда суд томонидан хусусий ажрим чиқариш орқали айни масалага муносабат билдирилди.
Музаффар КУКИЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Сирғали тумани судининг судьяси
Фикр қолдириш