ШОВ-ШУВ КЎТАРИШ БИЛАН ҚАҲРАМОН БЎЛИНМАЙДИ

“7news” сайтида “Тошкентда қўлга олинган тиланчининг топгани давлат фойдасига мусодара қилинди” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Бир қарашда, мақола муаллифи фикрига қўшилгандай бўласиз. Аммо масалага чуқурроқ ёндашилса-чи?

Юртимиз дунёга юз тутмоқда. Кунига минглаб хорижликлар ташриф буюрмоқда. Аэропортдан тушган меҳмонга салом бермасдан аввал “садақа беринг”, деб турса, меҳмоннинг юртимиз ҳақидаги илк тасаввури қандай бўлади?

Ёдингизда бўлса, бундан  икки-уч йил олдин пойтахт кўчаларининг ҳар бир  чорраҳасида пул сўраб турган фуқароларни учратардик.

Мазкур ҳолатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 9 январда “Ўзбекистон Републикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоат тартибини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, унга асосан Жиноят кодексига 1271-моддаси киритилди.

Мазкур моддага кўра, аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини  вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий-маданий мерсос объектлари  жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, жиноий жавобгарлик белгиланди.

Қонун барча учун баробар. Бу ҳаммамизга аён ҳақиқат. Мадомики, қонун талаби бузилгудек бўлса, айбдорга суд тартибида жазо тайинланиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Ана энди, мақолада тилга олинган, жавобгарликка тортилган шахс масаласига келсак.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани суди 2019 йил 28 июндаги ҳукмига кўра, Яминов Абдулаҳад Тишабаевич Жиноят кодексининг 1271-моддаси  1-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 1 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва иш бўйича ашёвий далил деб топилган 22.500 сўм давлат фойдасига мусодара қилинган.

А.Яминовга муқаддам тиланчилик билан шуғуллангани учун Шайҳонтоҳур тумани маъмурий судининг 2019 йил 5 апрелдаги қарорига кўра, МЖтК 1883-моддасининг 1-қисми билан 5 сутка қамоқ жазоси тайинланган. Бироқ А.Яминов бундан тегишли хулоса чиқармади, ноқонуний фаолият билан шуғулланишда давом этди. Натижада… Учтепа тумани, Фарҳод ва Кичик ҳалқа йўли кўчалари кесишувининг автомашиналар қатнови қисмида тиланчилик билан шуғулланаётган вақтида, Тошкент шаҳар Учтепа туман 7-сонли ИИБ ходимлари томонидан ушланган ва ундан тиланчилик билан топилган 22.500 сўм пуллар ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган ҳамда жиноят процессуал қонунчилиги талаблари доирасида иш судга ўтказилган.

Ажабланарлиси, ҳали суд ҳукми қонуний кучга кирмай туриб, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун талабларига зид тарзда “7news” сайти гўёки “қаҳрамонлик” кўрсатиб, асосланмаган даъволар билан мақола эълон қилди.

Сайт мухбири қуруқ шов-шувга учмай, оммавий ахборот воситалари соҳасига доир қонун ҳужжатлари ва журналист касб этикаси талабларига амал қилиб, суд ҳужжатлари билан танишиб чиққанида эди, судга гувоҳлар келмади, деб асоссиз иддао қилмаган ва хатога йўл қўймаган бўларди. Ҳолбуки, суд мажлисида гувоҳлар Д.Мадёров, И.Нишонов сўроқ қилинган, суд мажлисига  сабабсиз келмаган гувоҳларнинг дастлабки терговда берган кўрсатувлари ўқиб эшиттирилган, қолаверса,  судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 211-моддасига биноан жиноий йўл билан орттирилган пуллар ва бошқа бойликлар суднинг ҳукмига биноан жиноят натижасида етказилган мулкий зарарни қоплашга ўтказилади, мулкий зарар кўрган шахс аниқланмаган тақдирда  давлат фойдасига ўтказилади.

Таҳририят А.Яминовнинг кейинги тақдири, иш билан таъминланиши масаласи “ҳавода қолди”, деб яна бир асоссиз иддао қилади. Ҳолбуки, суд мазкур жиноятнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган ҳолатни муҳокама қилиб, судланувчи А.Яминовни иш билан таъминлаш масаласини ўз вақтида ҳал этмаган Тошкент шаҳар Олмазор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ва Олмазор тумани Бандликка кўмаклашиш маркази мутасадди ходимларига нисбатан йўл қўйилган камчиликлари юзасидан хусусий ажрим чиқарган.

Бугун юртимизда ОАВ вакиллари учун ахборотни эркин олиш, излаш ва тарқатиш борасида кенг имкониятлар яратилган. Бироқ бу бор ҳолатни бузиб ифодалаш,  масалани нохолис ёритиш ҳуқуқини бермайди. Бошқача айтганда, қуруқ шов-шув кўтариш билан қаҳрамон бўлинмайди.

 

Жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар суди

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: