ҲУҚУҚЛАРИ ТУШУНТИРИЛДИ

“Zarnews.uz” сайтида эълон қилинган “Уй-жой билан боғлиқ ярим асрлик муаммо қачон барҳам топади?” сарлавҳали мақола Олий судда ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судининг иш юритувига Иштихон тумани, Халқабод МФЙ, М.Жўраев кўчаси 11-уйда яшовчи Абдурахмонова Дилоромнинг уй-жойни ёхуд ер майдонини қайтариб олиб бериш билан боғлиқ бўлган даъво аризаси 2019 йил 29 июль кунига қадар келиб тушмаган. Шунингдек, Д.Абдурахмонованинг иштироки билан боғлиқ бўлган бошқа фуқаролик иши ҳам кўрилмаган.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Д.Абдурахмонованинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси ишонч телефони орқали йўллаган мурожаатлари ҳамда Иштихон туман ИИБ томонидан келиб тушган аризаси фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро суди томонидан ўрганиб чиқилган ҳамда Д.Абдурахмоновага тегишли тартибда судга даъво ариза билан мурожаат қилиши ҳақида тушунтириш берилган. Негаки, Д.Абдурахмонованинг аризалари Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 189-моддаси 6-бандида назарда тутилган, яъни даъвогар ўз талабига асос қилиб кўрсатаётган ҳолатлар ва даъвогар томонидан баён қилинган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар ҳамда 191-моддасида кўрсатилган талаблар асосида берилмаганлиги аниқланган.

Шу сабабли Д.Абдурахмоновага юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиб, тегишли тартибда судга даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги маълум қилинади.

 

 

Олий суд Матбуот хизмати

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: