ИНСОН ҚАДР-ҚИММАТИ — ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ
Суд — одил судловнинг олий нуқтаси. Шу маънода судларнинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараёндир.
Айнан шундай оқилона ёндашув туфайли бу соҳадаги ишлар кўлами, миқёси ва самарадорлиги кейинги даврда ниҳоятда кенгайиб, янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, суд тизимини либераллаштириш ва унинг мустақиллигини таъминлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз борганда, Президентимиз суд тизими ходимлари билан 2017 йил 13 июнда ўтказилган тарихий учрашувда суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларни чуқур таҳлил қилиб, истиқболдаги устувор вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан тизимдаги камчиликлар, ўз ечимини топмаган муаммолар атрофлича таҳлил қилиниб, истиқболдаги вазифалар белгилаб берилганди.
Судлар том маънода адолат қўрғонига айланиши шарт. Шу орқалигина фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда демократик-ҳуқуқий давлат, очиқ фуқаролик жамияти барпо этиш, қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш мумкин.
Жорий йилнинг 30 июнь куни Президентимиз раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши кураш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бу масала нечоғли муҳим ва долзарб эканини яна бир бор амалда кўрсатиб берди.
Давлатимиз раҳбарининг «Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу — Президент талаби», — деган ғояси тизимдаги барча вазифаларнинг туб моҳияти ва аҳамиятини ўзида акс эттиради.
Йиғилишда, жумладан, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази, Омбудсман ва Тошкент давлат юридик университетига «Инсон қадр-қиммати — энг олий қадрият» махсус ўқув модули бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилди.
Тергов институтини янгидан шакллантириш, ягона ва мустақил тергов органини тузиш, шунингдек, терговга алоқадорлик масаласини қайта кўриб чиқиш, тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартибни жорий этишга доир муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини «бир суд — бир инстанция» тамойили асосида қайта кўриб чиқиш, «назорат тартибида ишларни кўриш» амалиётидан воз кечиш, Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг суд қарорларига нисбатан протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш, умуман, давлат идораларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўймаслик ва буни қонунда мустаҳкамлаш, ерга бўлган ҳуқуқлар кафолатини кучайтириб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарурлигига эътибор қаратилди.
Судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлаганлик учун жаавобгарликни кучайтириш лозим. Одил судловнинг чамбарчас қисми ҳисобланган адвокатура институтини тубдан ислоҳ қилиш даркор.
Судга электрон мурожаат қилиш, мурожаатларни ўрганиш ҳолатини онлайн кузатиб туриш ва электрон жавоб юбориш тизимини жорий қилиш учун «Адолат» ахборот тизимлари мажмуасини ишга тушириш зарур. Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, аҳолига янада қулайлик яратиш, очиқлик ва шафоффликни таъминлаш мақсадида, 2020 йилнинг ўзида видеоконференция алоқа тизими билан барча судларни 100 фоиз қамраб олиш ҳақидаги таклифлар жуда ҳам муҳимдир.
Бу вазифаларни бажариш бўйича масъул идораларга аниқ топшириқлар берилди. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, суд-ҳуқуқ соҳаси учун мисли кўрилмаган аҳамият касб этади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг коррупцияга қарши кураш борасида келгусида бажарилиши шарт бўлган ишлар ҳақидаги амалий таклифлари суд ислоҳотларига оид фикрларнинг мантиқий давоми бўлди.
Зеро, жамиятда коррупциянинг олдини олишнинг энг муҳим мезони фаолиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлашдир.
Айнан шу сабабли коррупцияга қарши кураш борасидаги ислоҳотларнинг янги босқичида бюджет харажатлари, давлат харидлари, ер, бино ва иншоотларни олди-сотди қилиш жараёнларига ошкоралик ва очиқлик тамойилларини жорий этиш истиқболлари кўриб чиқилди. Вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари ўз ҳудудларида, тармоқ раҳбарлари ўз тизимларида янги ташкил қилинган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан бирга коррупциядан холи дастурини ишлаб чиқишлари зарурлиги таъкидланди.
Соҳаларни рақамлаштириш, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, коррупцияга қарши курашишда кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор бериш даркор. Шу мақсадда таъсирчан тизим яратиш, ҳокимлар ва раҳбарларнинг коррупцияга қарши кураш бўйича малака оширишларини ташкил этиш ҳақида ниҳоятда муҳим ва аниқ таклифлар берилди.
Маълумки, ҳар қандай давлат иқтисодий салоҳиятининг юксалиши, кўп жиҳатдан, инвестиция сиёсатининг оқилона юритилишига боғлиқ.
Иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳалари рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш учун шароитларни яратиб бериш ҳисобига янги барқарор иш ўринларини яратиш, ҳудудларда аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.
Президентимизнинг «сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», деган қатъий фикрлари бу масала қанчалик муҳим эканини яна бир карра тасдиқлаб берди. Зеро, адолат қарор топган муҳитни яратиш ҳамда аҳолида коррупция иллатига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш орқалигина кўзланган мақсадга етишимиз мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, асосий мақсад — шу муқаддас заминда истиқомат қилаётган ҳар бир инсонинг орзуларини рўёбга чиқариш ҳамда халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратишдан иборатдир. Шундай экан, ҳар биримиз бу борада зиммамиздаги улкан масъулиятни тўла ҳис этиб, шарафли вазифаларни сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, халқимиз ва Президентимиз олдида берган қасамёдимизга ҳамиша содиқ қолишга ваъда берганимизни унутмаслигимиз, шу эзгу мақсадларга хизмат қилишни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантириб, дахлдорлик ҳисси билан фаолият юритишимиз даркор.
Шаҳзод Бахтиёров,
Ашурали Тошев,
жиноят ишлари бўйича
Қашқадарё вилояти
судининг судьялари
Фикр қолдириш