СОХТА КЎРШАПАЛАК УЯСИ ШОВ-ШУВЛИ ФИРИБГАРЛИККА САБАБ БЎЛДИ

25 май 2019

Жорий йил май ойининг бошида ижтимоий тармоқлар ва «Севимли» телеканалининг «ZAMON» ахборот дастури орқали сохта кўршапалак уясини катта миқдордаги хорижий валютага сотган фирибгарнинг қилмишлари хусусидаги хабар тарқалган эди. Хўш, аслида бу жиноий қилмиш қандай рўй берган эди?

Келинг, жиноят иши тафсилотларидан аввал «қаҳрамонимиз» — Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи 26 ёшли Шаҳзод Мирзаназаровнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) «сермазмун» ҳаёт йўлига бир назар ташласак. Албатта, «сермазмун» дейишимизнинг боиси бор. 
 
Гап шундаки, Ш. Мирзаназаров сўнгги 7 йил мобайнида, яъни 19 ёшидан буён 6 маротаба судланишга «улгурган». Энг ёмони, Шаҳзоднинг барча жиноятлари фирибгарликка бориб тақалади. 
 
Янада аниқроғи, у жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2012 йил 25 март, 2014 йил 16 апрель, 2016 йил 8 апрель ва 16 декабрь, 2017 йил 16 февраль ва 23 ноябрдаги ҳукмларига биноан Жиноят кодексининг 168-моддаси турли қисм ҳамда бандлари билан айбдор деб топилган.
 
Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми «а», «г»-бандлари, 28,211-моддаси 2-қисми «а»-банди, 228-моддаси 2-қисми «б»-банди, 228-моддаси 3-қисми ҳамда 237-моддаси 2-қисми «а», «б», «в»-бандларида кўзда тутилган жиноятларни содир этгани учун қонуний жазоларга тортилган.
 
Айни жараёнларда Ш. Мирзаназаровга нисбатан бир маротаба амнистия акти қўлланилган. Қолаверса, тўғри йўлга тушиб, ҳаётини изга солиши учун 2 маротаба ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланган. Аммо у қилмишидан тегишли хулоса чиқармагани сабабли 2 маротаба турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган. 
 
Сўнгги маротаба судланганда эса, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддатидан олдин енгилроғига — ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилган.
 
Шаҳзоднинг сўқир кўзи шунда ҳам очилмаган. Мана оқибати — унинг фирибгарликка ўрганган кўнгли еттинчи маротаба яна ўртаниб қолди. 
 
Гап шундаки, 2018 йил август ойида қаёқдандир кўршапалак уясининг саратон касаллигига шифо бўлиши, кўршапалак уясига тилло буюмлар ёпишиши, саримсоқпиёздан эса, унинг «қочиши» ҳақида эшитади-ю, Ш. Мирзаназаровнинг тинчи йўқолди. Тўғрироғи, унинг кўнглида кўршапалак уясини ясаш ва мўмай пулга сотиш фикри пайдо бўлади.
 
Шу мақсадда дастлаб шарни қовун шаклида кичикроқ қилиб шиширади. Сўнг шар атрофини цемент, оҳак, алебастер ва тупроқ аралашмаси билан суваб, қалинроқ қатлам ҳосил қилади. Ш. Мирзаназаров ана шу шаклни кўршапалак уяси, деб атайди.
 
«Уя»ни ясашда қоришма таркибига магнит бўлакларини ҳам майдалаб қўшиб юборади. Негаки, кўршапалак уясига тилла буюмлар яқинлаштирилса, уни ўзига тортишига харидорни ишонтириши лозим эди. Қоришма қотгач, игна билан ичидаги шарни ёриб ташлайди.
 
Шундан сўнг Шаҳзод сохта кўршапалак уясига харидор излашга киришади. Ҳатто бу ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали хабар тарқатади. Қолаверса, танишлари Низомжон Тешабоев ва Расулжон Ғофуровдан ҳам ёрдам сўрайди:
 
— Харидор топиб берсанглар, сизларни ҳам қуруқ қўймайман, пулни ўртада бўлишамиз, — деб уларни ҳам ишонтиради.
 
Буни қарангки, ижтимоий тармоқларда хабар тарқатгани учун тез орада кўршапалак уясига қизиқувчилар пайдо бўлади. Шундай кунларнинг бирида «Телеграм» ижтимоий тармоғи орқали унга алоқага чиққан қозоғистонлик нотаниш бир йигит кўршапалак уясининг нархи 100 000 АҚШ доллар эканини айтади.
 
Бу гап Ш. Мирзаназаровни ширин хаёллар уммонига ғарқ этиб, жиноий режасини янада мустаҳкамлайди.
 
— Мен Учкўприкдан Фарҳодман, — дея ўзини таништиради «Телеграм» орқали боғланган галдаги харидор. — Иккаламиз учрашсак бўладими?
 
— Ҳа, албатта. Қўқонга келаверинг, — деб учрашув манзилини тушунтиради Шаҳзод.
 
Фарҳод Эгамов Қўқонга — Ш. Мирзаназаров айтган жойга етиб келади.
 
— Андижонлик бир танишим Қирғизистондан харидор топибди. Фақат харидорга кўршапалак уясининг видеосини жўнатишимиз керак. Кейин ишонади. Сизда видеоси борми? — деб сўрайди Ф. Эгамов.
 
— Уя Наманганнинг Поп туманида, тоғли жойда. У ёққа бориб келиш осон эмас. Харажатини берсанглар, тоққа бориб, телефонимга видеога олиб, сизларга юборишим мумкин.
 
Шаҳзод шундай дея Фарҳодни алдаб, ундан 300 АҚШ доллари олади. 
 
Бироқ тоғ сари кетиш ўрнига, тун ярмида Қўқон шаҳар Банди эшон кўчасидаги кўп қаватли 122-уйнинг ертўласига кириб, ўзи ясаган ва аввалдан осиб қўйган 4 дона сохта кўршапалак уясини гўёки тоғда, ғор ичида видеотасвирга туширгандек уяли телефони хотирасига муҳрлайди.
 
Сўнг видеотасвирни «Телеграм» орқали Ф. Эгамовнинг таниши Дилмурод Маҳмудовнинг рақамига юборади. Видеотасвирни кўриб, кўршапалак уясини сотиб олишга қарор қилган Дилмурод кўп ўтмай, Қўқон шаҳридаги «Файз» номли ошхонаси ёнига Ш. Мирзаназаров билан учрашади. 
 
Натижада у Шаҳзод билан савдолашиб, 4 дона кўршапалак уясидан биттасини 23 000 АҚШ долларига сотиб олишга келишади.
 
— Олдиндан беш минг доллар берасиз. Кейин тоққа бориб, уяни ғордан узиб келаман, — деб шарт қўяди Ш. Мирзаназаров. Шу боис Д. Маҳмудов унга 5 000 доллар санаб беради.
 
Эртаси куни Шаҳзод 5 литр¬ли елим идишга солинган, атрофи ялтироқ қоғоз ва пахта увадаси билан ўралган «кўршапалак уяси»ни унга тутқазади:
 
— Уянинг ичида «амри» деган суюқлик бўлади. Агар тезда ишлатилмаса, у бир суткада хусусиятини йўқотади, — дейди у.
 
Шундан сўнг харидор унга яна 10 000 доллар беради. Қолган 8 000 долларини эса, кўршапалак уясини қирғизистонлик харидорга элтиб бергач, жўнатиб юборишини айтади. 
 
Бинобарин, «ови» бароридан келган фирибгар бу гапга ўйлаб ҳам ўтирмай рози бўлади. Кейин пойтахтга бориб, бир уйни ижарага олган ҳолда кайфу сафо қилишга тушиб кетади. 
 
Шу билан бирга, пулнинг 6 000 долларини оғайнилари Низомжон, Расулжон ва Шамсиддин Бойматовга тақсимлаб беради. Қолганини ҳам шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади.
 
Орадан икки ой ўтиб, Шаҳзод жиноий ҳаракатини яна давом эттиради. Фақат бу гал унга ўзидан 7 ёш катта бўлган таниши Асрор Салимов шерик бўлади. Яъни 2018 йил 10 декабрь куни икковлон Қирғизистон фуқароси Акрам Ҳудойшукуров томонидан етказиб берилган 393 та тиббий қадоқдаги «LYRICA 300 мг № 14» дори воситасининг 121 тасини фуқаро Барно Юрсиновага 3 200 долларга сотаётган вақтида қўлга олинади. Пировардида уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилади.
 
Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг 2018 йил 25 декабрдаги хулосасига кўра, қўнғир рангли, қаттиқ инга ўхшаган ноксимон жисм — «кўршапалак уяси» сохта экани аниқланган.
 
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш» давлат унитар корхонасининг 2018 йил 26 декабр¬даги хулосасига биноан, далилий ашё тариқасида олинган «LYRICA 300 мг № 14» дори воситалари ёрлиқлаш кўрсаткичлари бўйича талабга жавоб бермайди. Республика сертификатлаштириш идоралари томонидан мувофиқлик сертификати расмийлаштирилмагани сабабли уларнинг сифатсизлиги ва яроқсизлиги, амалиётда қўллашга рухсат этилмаслиги кўрсатилган.
 
Қолаверса, 393 дона «LYRICA 300 мг № 14» дори воситасининг нархи 69 миллион 302 минг 10 сўм эканлиги аён бўлган. Шу боис мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди айбдорларнинг қилмишига яраша жазо тайинлади. Суд Ш. Мирзаназаровга жазо тайинлашда унинг ўталмай қолган ахлоқ тузатиш иши жазосини ҳам инобатга олди.
 
Одатда, зулматда яшовчи кўршапалакнинг қушлар ёки ҳашаротлар сингари муайян бир шаклдаги уяси мавжуд эмас. Бу жонзот ўша қоронғуликда орқа оёқларига осилган ҳолда яшайди, холос.
 
Шундай экан, Дилмурод Маҳмудов ҳам кўршапалак уяси ҳақида обдон сўраб-суриштирганида ёхуд уядан фойдаланмоқчи бўлган шахс саратон касаллигининг шифосини Яратгандан сўраб, шифокорларнинг кўрсатмасига амал қилганида, бундай фирибгарлик юз бермаган бўларди. Соддадиллик ва ишонувчанлик ҳам эви билан бўлиши керак-да.
 
 
Нодирбек МИРЗАЖОНОВ,
жиноят ишлари бўйича 
Учкўприк тумани судининг раиси
Хуршид СУЛТОНОВ,
«Куч — адолатда» мухбири
 
(“Куч – адолатда” газетаси,
2019 йил 25 май)

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: